Хориждаги ўзбекистонликлар коронавирусга чалинса қаерда даволанади?
Жамият
−
24 Март 2020
6605Коронавирус қайси давлатда қайд этилган бўлса, ўша давлатда даволанади. Бу ҳақда Давлат Бош санитария врачи Баҳром Алматов бугун, 24 март куни ўтказилган брифингда маълум қилди.
“Халқаро тиббий-санитария қонун-қоидаларига асосан, юқумли касаллик қайси давлатда қайд этилган бўлса, ўша давлатнинг соғлиқни сақлаш тизими хизмати томонидан даволаш йўлга қўйилган. Беморни бошқа давлатларга юбориш мумкин эмас.
Агарда чегарадан ўтиш жараёнида аниқланса, у ердаги санитария-карантин постларидаги тиббиёт ходимлари томонидан касалликда гумон қилинган беморлар, фуқаролиги ким бўлишидан қатъи назар, вақтинчалик “изолятор”ларга жойлаштирилади. Ва тиббиёт муассасасига телефон орқали мурожаат қилиб, белгиланган юқумли касалликлар шифохонасига госпитализация қилинади ва ўша ерда ўз вақтида ташхис қўйиш, даволаш тадбирлари давом эттирилади”, деди Баҳром Алматов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 49 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси