Хоразмда ЙПХ ходимидан қочиб, йўловчиларни сарсон қилган таксичи ушланди
Жамият
−
14 Май
5892Хоразм вилояти Урганч шаҳрида ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмай, йўловчилари билан бирга қочган таксичи қўлга олинди. Бу ҳақда бугун, 14 май вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар беради.
Қайд этилишича, киракашлик билан шуғулланувчи Gentra русумли автомашина ҳайдовчиси жорий йилнинг 2 май куни Урганч шаҳрининг Гурлан кўчасида йўл ҳаракати қоидаларини четлаб ўтиб, светофорнинг қизил чироғида йўлнинг қарама-қарши қисмидан ҳаракатланган.
ЙПХ инспектори томонидан унга тўхташ ишораси берилган. Аммо ҳайдовчи қонуний талабни бажармай, катта тезликда ҳаракатланиб, номаълум томонга кетиб қолган.
Автомашинадаги йўловчилар ҳайдовчидан йўлда тушириб қолдиришини илтимос қилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода олд ўриндиқда ўтирган қиз ҳайдовчидан машинани тўхтатишини сўрагани, талаби қабул қилинмагач, ойнани синдиришга урингани тасвирланган. Кейинчалик ҳайдовчи йўловчиларни Янгибозор туманидаги номаълум жойга ташлаб кетган.
Шундан кейин улар ҳайдовчига нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, ички ишлар органларига мурожаат қилган. Хоразм вилояти ИИБ томонидан ҳайдовчининг шахсига аниқлик киритилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир неча моддалари билан иш очилган, автомашинаси эса жарима майдонига қўйилган.
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳри суди ҳайдовчини Базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 баравари (4 миллион 80 минг сўм) миқдорида жаримага тортган.
LiveБарчаси