Хоразмда табиатга 700 млн сўмдан ортиқ зарар етказган браконьерлар ушланди

3-саҳифа

image

Хоразм вилоятида табиий кўлдан ноқонуний равишда балиқ овлаб, табиатга салкам 750 миллион сўм зарар келтирганлар қўлга олинди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Экополициянинг Хоразм вилояти Тупроққалъа туман бўлими ҳамда туман ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ҳудудда рейд тадбири ўтказилган. Рейд давомида Тупроққалъа туманида яшовчи фуқаролар М.Т., С.К. ва П.К. томонидан туманнинг “Нукус” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Эчкиёр” табиий кўл сув ҳавзасида тақиқланган муддатда тақиқланган восита, яъни лескали тўр ёрдамида жами 92 дона балиқ ноқонуний овланганлиги аниқланган. Ноқонуний ов оқибатида табиатга 743 миллион 660 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

Билдирилишича, ҳуқуқбузарлардан ашёвий далил сифатида 1 дона резина қайиқ, узунлиги 70 метр бўлган 18 дона лескали тўр ҳамда 92 дона балиқ олиб қўйилган ва тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Маълумот учун, 11 мартдан 31 майгача Амударё ва Сирдарёда, 26 апрелдан 10 июнгача Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги табиий сув ҳавзаларида, бошқа барча табиий сув ҳавзаларида эса 16 апрелдан 31 майгача балиқ овлаш тақиқланган. Чунки белгиланган даврлар балиқларнинг кўпайиш вақти ҳисобланади ва бу вақтда ов қилиш балиқларнинг кўпайишига салбий таъсир кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 400 дан ортиқ балиқ овлаган шахс табиатга 12 миллиард сўмдан кўпроқ зарар етказган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хоразм балиқ Экология браконьерлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг