Хоразмда собиқ ҳоким 3 йилга қамалди

Жамият

image

Хоразм вилояти Урганч шаҳри собиқ ҳокими Шуҳрат Абдуллаев 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар берди. 

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 4 июль куни жиноят ишлари бўйича Хива туман судида судланувчи Шуҳрат Абдуллаевга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугатилиб, унга нисбатан суд ҳукми эълон қилинган.

Унга кўра, Абдуллаев Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси 2-қисми “а”, “б” (ер бериш тартибини бузиш) бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. У давлат ва давлат иштирокидаги ташкилот ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан 2 йилга четлатилган ва унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, ушбу қарордан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда вилоят судининг апелляция инстансиясига шикоят бериш ва протест билдиришга ҳақлилиги маълум қилинган.

Маълумот учун, Шуҳрат Абдуллаев 1967 йилда Хоразм вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, 2018-2020 йиллар мобайнида Урганч шаҳар ҳокими бўлиб ишлаган. Ҳозирда бу лавозимда Боғот тумани ҳокими сифатида ишлаб келаётган Ойбек Холбоев фаолият олиб бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Хоразм қамалди Шуҳрат Абдуллаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг