Хоразмда она ва унинг 3 фарзанди овқатдан заҳарланиб вафот этди
3-саҳифа
−
10:28 2880 2 дақиқа
Хоразм вилоятининг Боғот туманида овқатдан заҳарланиш оқибатида бир оиланинг 4 аъзоси – она ва унинг 3 нафар вояга етмаган фарзанди вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 8 октябрь куни оилада заҳарланиш аломатлари кузатилган. Улар бир кун аввалги туғилган кун маросимидан қолган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилган.
Марҳумларнинг ўлим сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Текширувга вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари жалб қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2026 йил 10 октябрь куни Жиноят кодексининг 276-11-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Бунга одамлар ўлимига сабаб бўлган, истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёки сотиш билан боғлиқ жиноят аломатлари мавжудлиги, зудлик билан тегишли тергов ҳаракатларини ўтказиш орқали ҳақиқатни аниқлаш лозимлиги сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳридаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 3 яшар тарбияланувчи ҳашаротларга қарши кимёвий воситани билмасдан ичиб қўйиб, вафот этган эди.
Live
Барчаси21 Октябрь