Хоразмда мактаб ўқувчилари шоли даласида ишлатилди. Бошқарма гапни қисқа қилди
Жамият
−
02 Октябрь 2023
17099Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги 19-сонли мактаб ўқувчилари ушбу мактаб директорининг шоли даласида мажбуран ишлатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Қўшкўпир туманидаги 19-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчилари А.Қ., Б.Ш., А.О. ва Б.О.лар тумандаги Дурдона маҳалласида жойлашган “И.Б.” фермер хўжалигига тегишли шоли даласида ишлаган.
Аниқлик киритилишича, даладаги ишларга жалб этилган ушбу 4 нафар мактаб ўқувчиси хўжалик раҳбари К.Х. нинг таклифига асосан маълум бир ҳақ эвазига келишув асосида ўрилган шолини тўплаган.
“Ўрганиш жараёнида, мактаб директори томонидан вояга етмаган ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги ҳолати ўз тасдиғини топмади”, дейилади бошқарма муносабатида.
Шунингдек, ҳозирда ўқувчиларнинг ёшини инобатга олмасдан далада меҳнат қилишига йўл қўйиб берган хўжалик раҳбарининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода кўриниш берган болаларнинг сони 4 нафардан кўп эканини кўриш мумкин. Бошқарма қолган болаларнинг шахсига ойдинлик киритмаётгани ҳам тушунмовчиликларга сабаб бўлиши турган гап.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда мактаб ўқувчилари пахта теришга жалб этилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ мазкур ҳолат вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат назорати инспекцияси томонидан ўрганилганида ўз тасдиғини топмаганди.