Хоразмда аёл 3 боласини ёқиб юбормоқчи бўлди
3-саҳифа
−
20 Ноябрь 2023
12588Ижтимоий тармоқларда аёл тахминан 2-6 ёшлар оралиғидаги 3 нафар фарзандини ёқиб юбориш билан таҳдид қилгани акс этган видео тарқалди. Тасвирларда аёл гиламга тўкилган суюқликни гугурт билан ёқишга уринаётгани ва турли сўзлар билан фарзандларини ҳақоратлаб, уларнинг устидан бензин сепиб ёқиб юбориш билан қўрқитаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Мазкур ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани расмий муносабат билдирди. Унга кўра, ушбу воқеа Хоразм вилояти, Урганч туманида содир бўлган. Ҳозирда ҳолатни тўла аниқлаш бўйича ички ишлар органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Мазкур ҳодиса Болалар омбудсманининг алоҳида назоратига олинди. Болаларга нисбатан бундай жиноий ҳаракатлар уларнинг ота-онаси ёки бошқа яқин қариндошлари томонидан содир этилишидан қатъий назар, айбдорларни қонунда кўзда тутилган жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади”, дейилган ушбу муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 ноябрь куни Янги Наманган вилоятининг Наманган туманида яшовчи аёл 10 ёшли фарзандини аёвсиз калтаклагани ҳақида хабар берилган эди.