Хонандалар тўй учун ижод қиляпти, улар бунга мажбур – Назарбеков
Маданият-санъат
−
06 Август 2022
16801Ўзбекистонда хонандалар сифатли қўшиқлар яратиш ўрнига тўй учун ижод қиляпти. Чунки тўйда манфаат бор? Айрим ҳолатларда эса бир вақтлар ёниб ижод қилган санъаткорларнинг бугун яшашга уйи йўқ. Уларнинг қўшиқларини рухсатсиз тўйларда айтиб юрганлар эса қўша-қўша қаватли саройлар қурган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков кеча, 5 август куни Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси билан ўтказилган давра суҳбатида сўз очди.
“Биз ижод қилиш мобайнида завод қурмаймиз-ки фаолиятимизни тўхтатганимиздан кейин ҳам завод ишлайверса... Биз асарларимиз орқали кун кўрамиз, эртамиз 100% шунга боғлиқ. Гувоҳ бўляпмиз, ўз вақтида ёниб ижод қилиб, бугун уйсиз ўтирган ижодкорлар бор. Уларнинг ижод намуналарини ижро қилиб, ўзига уй қуриб олганлар ҳам бор. Лекин асарнинг ҳақиқий муаллифи туртилиб, суртилиб ҳаётининг охирги паллаларида қийналиб қолаётган вазиятлар кўзга ташланяпти”, дейди вазир муаллифлик ҳуқуқининг аҳамияти ҳақида гапираркан.
Маълумки, 2020 йилнинг 26 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарор билан Маданият ва санъат соҳаси вакилларининг Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатасини ташкил этиш белгиланди. Гап палатани ташкил этишда ҳам эмас, унинг фаолиятида. Мана, икки йил бўлди, бироқ Палатанинг овозини ҳеч ерда эшитганимиз йўқ. Жорий ҳафта бошида эса Палата ўзининг борлигини эслатиб қўйди.
Палата берган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистон халқ артистлари Шерали Жўраев, Бобомурод Ҳамдамов ва хонанда Абдурауф Олимов ижросидаги қўшиқлардан лицензия шартномаси тузмасдан фойдаланиш тақиқланади. Бу қоида тўй ва маросимлар, интернет тармоғи ва теле-радиоканаллардаги чиқишларга ҳам тегишли.
Назарбековнинг таъкидлашича, бу хабар қарама-қарши фикрлар ва жанжал-тўполонларга сабаб бўлган. Аммо вазир орани очиб қўйиш пайти келганини таъкидлади.
“Кеча бошланган жанжал-тўполон – бу табиий. Палата ўз фаолиятини тўлақонли йўлга қўйса, бунақа келишмовчиликлар кўпаяди. Орани очиб қўйиш керак бўлган пайт келди. Биз учта дарға санъаткорларимизни эълон қилганимиздан кейин дарров ижтимоий тармоқларда турли хил қарама-қарши фикрлар ҳам ўртага чиқишни бошлади. Бундан қўрқиш керак эмас”, дейди Назарбеков.
У ҳамкасбларига бошқа хонанданинг қўшиғини куйламоқчи бўлса, марҳамат қилиб шартнома тузиши кераклигини айтди.
“Шартнома фақат пулли бўлади, дегани эмас. Ўша муаллифнинг ҳурматини жойига қўйсин, керак бўлса, бепул рози қилиб, ижро этсин, марҳамат. Лекин, ҳеч бўлмаса, муаллифни хабардор қилиб, қурби етган шаклда шартнома тузиб, фаолиятини давом эттирсин”, дейди у.
Таъкидланишича, бугунги хонандалар санъат учун эмас тўй учун ижод қиляпти.
“Вазир ўлароқ умидим сифатдан. Бугунги хонандалар санъат учун эмас, тўй учун ижод қиляпти. Чунки тўйда манфаат бор. Буни тўғри тушуниш керак. Улар бунга мослашишга мажбур. Агар интеллектуал мулкдан манфаатдор бўлса, мутлақо бошқача қарашлар билан ижод қила бошлайди. Ижодкорлар етук санъат асарларини яратишга бел боғлайди”, дея қўшимча қилади вазир.
Унинг қайд этишича, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида ҳали ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳам тажрибаси катта эмас. Бу эса вақт талаб этади.
“Мен биламан, бу мавзудан зада бўлган одамлар ҳам бор. Неча марта шунақа йиғилиб, гаплашилгани билан бир қадам ҳам олдинга силжимасдан, масала ечилмасдан, ўлда-жўлда ётганига ўзимиз ҳам гувоҳ бўлганмиз. Лекин бу сафар тизимли, узил-кесил ҳал қилишга бел боғлаганмиз. Охирги пайтларда муаллифларнинг, ижодкорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олдинга юриш бўляпти. Театрларга пьеса асарлар ёзган муаллифларга 2,8 млрд сўм пул берилди”, дейди вазир.
LiveБарчаси