Холмўмин Ёдгоров лавозимини сақлаб қолди
Жамият
−
11 Август 13774 2 дақиқа
Бугун, 11 август куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлисида Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Буврабоевич Ёдгоров ушбу лавозимга яна 5 йил муддатга сайланди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан уни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси лавозимига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Холмўмин Ёдгоров 2017 йил май ойи Олий суд раиси ўринбосари, 2020 йилнинг август ойида эса ҳозирги лавозимига тайинланган эди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Конституциясининг 135-моддасида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси ва унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланиши қайд этилган. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Судьялар олий кенгашининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.
“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 72-моддасига кўра, суд раиси, раис ўринбосарининг ваколатлари муддати беш йил. Шахс айни бир судда кетма-кет икки муддатдан ортиқ раис, раис ўринбосари лавозимини эгаллаб туриши мумкин эмас. Суд раиси, раис ўринбосари ваколатлари у сайланган ёки тайинланган муддат ўтгач тугайди. Суд раиси, раис ўринбосарининг ваколатлари муддати ўтгани ёки у томонидан эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида ариза бергани муносабати билан тугаган тақдирда, унинг судьялик ваколатлари сақланиб қолади ва у шу кундан бошлаб судьялик лавозимида ишни давом эттиради, мазкур судда бўш турган судьялик лавозими бўлмаган тақдирда, ўзининг розилиги билан судьялик ваколатларининг қолган муддатига бошқа судга судьялик лавозимига ўтказилади.
Live
Барчаси