Хитойнинг Россия билан боғлиқ режалари очиқланди
Олам
−
15 Декабрь 2022
13444Хитой Раиси Си Цзиньпин Россияга узоқ муддатли сармоялар киритишни оширмоқда. Бу ҳақда “Wall Street Journal” нашри ёзмоқда.
Нашрнинг ёзишича, Хитой раҳбари узоқ муддатли сармоялар киритишни ошириш мақсадида ҳукуматга Россия билан яқинроқ алоқаларни йўлга қўйиш ҳақида кўрсатма берган.
Таъкидланишича, Хитой Россиянинг нефть, газ ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишни оширишни мўлжалламоқда. Шунингдек, Хитой Арктикада фаолроқ ҳамкорлик қилиш ва Россия инфратузилмасига сармоя киритиш ниятида.
Қолаверса, Москва ва Пекин аксарият молиявий операцияларни миллий валюталарда амалга оширади.
Бир неча йил аввал Хитойнинг Цинхуа университети Си Цзиньпинга Россия иқтисодиётининг келажаги йўқ деган ҳисоботни тақдим этган. Си эса ушбу ҳисоботнинг четига бемаънилик деб ёзган.
Россия жорий йилнинг 24 февраль кунида Украинага бостириб киргач, Ғарб давлатларининг санкцияларига дучор бўлди. Умумий ҳисобда Россияга қарши 9 та санкциялар пакети имзоланди. Хитой эса Россиянинг Украинага агрессиясини очиқ қўллаб-қувватламаётган бўлса-да, Москва билан ҳамкорлик қилишдан тийилаётгани йўқ.
Аксарият сиёсатшунослар ва иқтисодчиларда Хитойнинг сармояларига нисбатан хавотир мавжуд. Хитой пулларини киритган жойда ўзининг иқтисодий ва сиёсий босимини кучайтиришга ҳаракат қилиши мумкин. Бироқ айни вақтда Москва учун Хитойдан бошқа ҳамкор йўқдек туйилмоқда.
LiveБарчаси