Хитойнинг икки муҳим қўмондони армия ва партиядан ҳайдалди
Олам
−
15:44 1110 2 дақиқа
Хитойда юқори мартабали ҳарбий қўмондонлар Чжан Юся ва Лю Чжэньли садоқатсизлик, коррупция ва бошқа “жиддий интизомий қоидабузарликлар”даги айбловлардан сўнг Коммунистик партиядан чиқарилди ва Қуролли кучлар сафидан бўшатилди. Бу ҳақда расмий баёнотга таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Чжан Юся Хитой ҳарбий қўмондонлигининг олий органи – Марказий ҳарбий кенгаш (МҲК) раиси ўринбосари лавозимини эгаллаб келган ва ХХР раиси Си Цзиньпиндан кейин мақоми бўйича иккинчи ҳарбий раҳбар ҳисобланган. Лю Чжэньли МҲК таркибига кирган ва унинг Бирлашган штаби бошлиғи бўлган. Иккала ҳарбий раҳбарга нисбатан тергов ҳақида январь ойида эълон қилинган, август ойи охирида эса улар давлат МҲК таркибидан чиқарилган эди.
“Чжан Юся ва Лю Чжэньли “сиёсий интизом ва сиёсий қоидаларни жиддий равишда бузишган, гуруҳбозлик ва фракциялар тузишган, партияга нисбатан садоқатсизлик ва инсофсизлик қилишган”, деб “Синьхуа” агентлиги расмий ҳужжатлардан парча келтиради.
Амалдаги ҳокимият ҳарбий қўмондонлар томонидан коррупция, ўз вазифаларини бажармаслик ва ваколатларни суиистеъмол қилиш ҳолатлари содир этилганини маълум қилган. Расмий баёнотда гап “фавқулодда йирик” суммалар ҳақида кетаётгани, қоидабузарликларнинг хусусияти ва оқибатлари эса “ҳаддан ташқари оғир” деб баҳолангани айтилади.
Чжан Юся ва Лю Чжэньлини партиядан чиқариш тўғрисидаги қарор Си Цзиньпин раислигида ўтган Хитой Коммунистик партияси Марказий Комитети Сиёсий бюроси мажлисида тасдиқланган. Уларнинг иши кўриб чиқиш ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун ҳарбий прокуратурага топширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда Хубэй провинцияси Коммунистик партияси қўмитасининг собиқ котиби 111 миллион доллар миқдорида пора олганликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси