Хитой коронавирус қандай пайдо бўлганини яширяпти – ЖССТ

Саломатлик

image

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маслаҳатчилари Хитойни COVID-19 пандемиясининг келиб чиқиши билан боғлиқ барча маълумотларни ошкор қилишга чақирди. 

Қайд этилишича, Ухандаги бозорда ракун итларининг мавжудлиги ҳақидаги янги маълумотлар Халқаро патогенларни кузатиш маълумотлар базасига жойлаштирилиб, кейин яна ундан олиб ташлангач ЖССТ Хитойдан барча маълумотларни очиқлашни сўраган. 

Шунингдек, 2020 йилда Хитойнинг Ухань шаҳридаги тирик ҳайвонлар бозоридан олинган намуналар асосидаги қўшимча геномик маълумотлар хитойлик олимлар томонидан жорий йилнинг бошида GISAID очиқ маълумотлар базасига қисқача юкланган. ЖССТ бу ҳаракат бошқа мамлакатлардаги тадқиқотчиларга улар билан танишиш имконини беришини айтган. Бироқ GISAID вакили бу ахборотларни кейинчалик маълумотлар базасидан олиб ташланганини маълум қилган. ЖССТнинг янги патогенларнинг келиб чиқиши бўйича илмий маслаҳат гуруҳи (SAGO) эса Хитой Касалликларни назорат қилиш маркази маълумотларни “Nature” илмий журналига қайта тақдим этишни режалаштираётганини қайд этган.

ЖССТ расмийлари бундай маълумотлар COVID келиб чиқишини текширишда муҳим бўғин эканини таъкидлаб, улар дарҳол берилиши керак эканини айтган.

“Бу маълумотлар пандемия қандай бошлангани ҳақидаги саволга аниқ жавоб бермайди, аммо ҳар бир маълумот бизни бу жавобга яқинлаштиришда муҳим. Ушбу маълумотлар уч йил олдин тақдим этилиши мумкин ва керак эди. Биз Хитойни маълумотларни узатишда шаффоф бўлишга, керакли текширувларни ўтказишга ва натижаларни баҳам кўришга чақиришда давом этамиз”, дейди ЖССТ Бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесус.

ЖССТ ва бошқа олимлар вирус Ухандаги хавфли патогенлар ўрганилаётган лабораторияда пайдо бўлганини истисно қила олмаслигини айтган. Хитой эса бундай алоқаларни рад этиб келмоқда.

2022 йилги текширувларга кўра, Ухандаги бозор ва унинг атрофидаги дўконлар ва канализациядан тўпланган 923 та намунанинг кичик қисмигина вирус учун ижобий синовдан ўтган. Текширилган 457 та ҳайвон намунасида вирус аниқланмаган. Бироқ намуналар орасида ракун итларига тегишлиси бўлмаган.

Янги таҳлил шуни кўрсатадики, ракун итлари ва бошқа ҳайвонлар бозор тозаланишидан олдин у ерда бўлганининг катта эҳтимоли бор. 

ЖССТ SAGO’га бутун дунё бўйлаб 7 миллионга яқин одамнинг ўлимига сабаб бўлган пандемиянинг келиб чиқишини текширишни давом эттиришни буюрган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой коронавирус COVID-19

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг