Хитойлик инвестор Бобур шаҳрига 250 млн доллар инвестиция киритмоқчи

Жамият

image

Андижон вилоятининг Бобур шаҳрида хитойлик инвестор 250 миллион доллар инвестиция ҳисобига замонавий мажмуа қурмоқчи. Бу ҳақда бугун, 16 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятига ташрифи давомида ҳудудда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни режалаштираётган хорижий компаниялар вакиллари билан учрашувида маълум қилинди.

Кеча, 15 апрель куни Бобур шаҳрида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши эълон қилинган эди. Кўплаб сармоядорлар шаҳар қурилишида иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда. Жумладан, хитойлик инвестор 250 миллион доллар инвестиция ҳисобига замонавий мажмуа қурмоқчи. Лойиҳага мувофиқ, 55 гектар ҳудудда бизнес маркази, меҳмонхона, савдо марказлари ва 3 минг хонадонга мўлжалланган уй-жой қурилади.

Шунингдек, бу йил Андижонда қуввати 24 мегаватт, кейинги йил яна 20 мегаватт бўлган жами 763 та кичик ва микро ГЭСларни ишга тушириш режалаштирилган.  Хитой компанияларидан бири вилоятда микро ГЭСлар учун керакли ускуналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Қайд этилишича, қурилган ГЭСларга 1 йил давомида бепул сервис хизмати кўрсатилади. 

Учрашувда шу ва бошқа лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Давлат раҳбари мутасаддиларга инвестицияларни кўпайтириш, инвесторлар билан яқиндан ишлаб, зарур шароитларни яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу билан Президентнинг Андижон вилоятига ташрифи якунланди, давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида кеча, 15 апрель куни Андижон вилоятига етиб борганди. Давлат раҳбари Янги Андижон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида ўтаётган халқ сайлида сўзга чиқиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасини абадийлаштириш мақсадида Янги Андижон шаҳарчасига Бобур шаҳри деб ном беришни таклиф қилди. Бугун, 16 апрель куни вилоятда комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев вилоятга қўшимча 1 триллион сўм йўналтирилишини айтди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Андижон Бобур

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг