Хитойга кириб-чиқиш қоидалари кучайтирилди
Олам
−
13:33 1190 1 дақиқа
Хитой хорижда ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларнинг мамлакатдан чиқишини вақтинча чеклаши, виза ёки чегарада ёлғон маълумот берган хорижликларнинг эса мамлакатга киришини тақиқлаши мумкин. Бу ҳақда Хитой Давлат кенгаши хабар берди.
Қайд этилишича, янги тартиб кеча, 15 сентябрдан кучга кирган Хитой Давлат кенгаши регламентида белгиланган. Ушбу ҳужжатга кўра, Хитой ҳукумати айрим мамлакатларга ташриф буюриш билан боғлиқ хавфлар ҳақида фуқароларни огоҳлантириб боради. Хитой фуқароси хорижда ҳуқуқбузарлик содир этса ёки экспорт назорати қоидаларини бузса, унинг мамлакатдан чиқиши 6 ойдан 3 йилгача муддатга тақиқланиши мумкин.
Шунингдек, виза расмийлаштириш ёки чегарадан ўтиш вақтида ёлғон маълумот тақдим этган хорижликларнинг Хитойга кириши 1 йилдан 5 йилгача чекланиши мумкин.
Янги регламент мамлакатга кириш ва ундан чиқишда воситачилик қилувчи шахслар учун ҳам мажбурий рўйхатдан ўтиш тартибини жорий этади. Ноқонуний фаолият учун 750 доллардан 7,5 минг долларгача жарима белгиланган.
Хитой Давлат кенгашига кўра, янги қоидалар мамлакат суверенитети, хавфсизлиги ва ривожланиш манфаатларини, шунингдек, мамлакатга кириб-чиқаётган шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонлик сайёҳлар Хитой билан чегарадаги Хоргос назорат-ўтказиш пунктидан соқоли бўлгани учун ўтказилмагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси