Хитойда вирусдан зарарланганлар 2 мингдан ошди, 56 бемор вафот этди
Олам
−
26 Январь 2020
5744Хитойда коронавирусдан зарарланганлар сони, 26 январь ҳолатига кўра, 2002 кишига етди. ХХР ҳудудларида гигиена ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмиталар берган маълумотларга кўра, вирусдан ҳалок бўлганлар сони 56 кишини ташкил этади.
Аввалроқ, Хитой ҳукумати 1975 киши пневмониянинг янги турига чалингани ҳақида хабар берган эди.
Бундан ташқари, деярли 2,7 минг киши вирус юқтириб олган дея тахмин қилинмоқда, аммо уларнинг ташхиси ҳали тасдиқланмаган.
Вирусдан зарарланиш ҳолатларининг ярмидан кўпи (1052) Хубэй провинциясига тўғри келади. Ундан сўнг, Чжэцзян (104), Гуандун (98) ва Хэнань (83) провинциялари бормоқда. Коронавируснинг янги тури мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида қайд этилган, жумладан, Пекин (51) ва Шанхай (40)да ҳам.
Яна шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ушбу вирус Хитойдан ташқари, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Макао, Австралия, Таиланд, Вьетнам, Непал, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Россия, АҚШ, Франция каби дунёнинг кўплаб давлатларида ҳам учрамоқда.
Аввалроқ, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан коронавирус инфекциясини янги турини Ўзбекистон ҳудудига четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида маълум қилган эдик.