Хитойда ЎРВИнинг авж олишига нима сабаб бўлаётгани айтилди
Саломатлик
−
30 Ноябрь 2023
8474Шимолий Хитойда ўткир респиратор касалликларнинг авж олишига еттита турли патоген сабаб бўлмоқда. “Taiwan News”нинг хабар беришича, Тайвань Касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази келгуси йилнинг февраль ойида – хитойча Янги йил байрамида касалланиш энг юқори чўққига чиқишини тахмин қилмоқда.
Марказ раҳбари Ло Ицзюннинг айтишича, ёш гуруҳига қараб ўткир респираторли инфекциялар турли патогенлар томонидан қўзғатилади: риновирус бир ёшдан тўрт ёшгача бўлган болаларга, микоплазма пневмонияси – 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ва қизларга хосдир.
Шунингдек, у 15 ёшдан 59 ёшгача бўлган гуруҳ грипп вируслари, риновирус ва COVID-19 билан касалланганлигини қайд этди. Энг кекса гуруҳ, 60 ёшдан ошганлар, одам метапневмовируси ва COVID-19 билан боғлиқ бўлмаган оддий коронавируслар билан касалланган.
Унинг айтишича, Тайвань Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази материк Хитойдаги эпидемиологик вазиятни кузатиб боради ва Хитой Янги йили олдидан қўшимча профилактика чораларини жорий қилиши мумкин. Келгуси йилда ушбу байрам 10 февралга ўтар кечаси нишонланади – Янги йил байрамлари пайтида юз миллионлаб хитойликлар ўз оилалари билан байрамни нишонлаш учун шаҳарлар бўйлаб саёҳат қилади. Ло Ицзюнга кўра, тиббиёт ходимларига нафас йўллари касалликларига чалинган беморлар билан уларнинг яқинда саёҳат қилиш режаси ҳақида сўров ўтказиш буюрилган.
Аввалроқ Хитой расмийлари мамлакатда ўткир респиратор касалликларга чалинганлар сони ортгани ҳақида хабар берган эди. Хитой Халқ Республикаси Гигиена ва соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси вакили Ми Фэн яқин келажакда Хитойда ўткир респираторли инфекциялар сони ўсишда давом этишини айтди. Унинг аниқлик киритишича, охирги пайтларда қайд этилган касаллик ҳолатлари грипп вируси туфайли юзага келган, бироқ бир қатор беморларда риновирус, микоплазма пневмонияси, респиратор-синцитиаль вирус ва аденовирус ҳам бор.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) жорий йилнинг 22 ноябрь куни Хитойдан болаларда респиратор касалликларнинг кўпайиши ҳақида қўшимча маълумот сўради. Хусусан, ЖССТ грипп, SARS-CoV-2 коронавируси, респиратор-синцитиаль вирус ва микоплазма пневмониясининг тарқалиш тенденциялари ҳақидаги маълумотларга қизиққан.
27 ноябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти директори вазифасини бажарувчи Мария ван Керкхове Хитойда ўткир респиратор инфексиялар сонининг кўпайиши янги патогенлар билан боғлиқ эмаслигини ва COVID-19 инфекциялари сони 2018-2019 йиллардаги кўрсаткичлардан ошмаслигини айтди.