Хитой Европа саноатини йўқ қилса, ютқазади – Франция вазири
Олам
−
23 Май 2546 2 дақиқа
Франция Ташқи савдо вазири Николя Фориссье Хитой Европа саноати ва бозорига зарар етказиш орқали ҳеч қандай фойда кўрмаслигини билдирди. Бу ҳақда “Euronews” хабар қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи ташқи савдодаги номутаносибликларга муносабатда соддаликдан воз кечиши ва савдо муносабатларига босим воситаси сифатида ёндашадиган барча давлатларга нисбатан ёндашувини ўзгартириши керак.
“Хитойликлар шуни тушуниши керакки, агар улар Европа саноатини, кейин эса ўзлари учун муҳим бўлган Европа бозорини йўқ қилса, бундан ҳеч нарса ютмайди”, деган Фориссье.
Унинг айтишича, энди фақат Хитойга эмас, балки ташқи савдо ва иқтисодий қарамликдан босим воситаси сифатида фойдаланадиган барча мамлакатларга нисбатан ёндашув ўзгармоқда.
“Бу фақат Хитой масаласи эмас. Бу барча давлатларга тегишли”, деган у.
Фориссьенинг баёноти Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен жамоаси ўртасида бўлиб ўтадиган муҳим муҳокамалар олдидан янгради. Шунингдек, Европа Иттифоқи кимё саноати каби стратегик соҳаларга қўшимча божлар жорий этиш, ёки демпингга қарши ҳамда субсидияларга қарши чоралар орқали импорт нархларини тартибга солиш масаласини ҳам кўриб чиқиши мумкин.
Хитой эса Европа Иттифоқи хитой маҳсулотларига чеклов киритса, қарши чоралар кўришидан огоҳлантирган. Фориссье Пекин билан очиқ мулоқот муҳимлигини ҳам таъкидлаган. Унинг айтишича, Франция ва Хитой ўртасида ўзига хос муносабатлар мавжуд бўлиб, улар музокара ва ўзаро ҳурматни талаб қилади.
“Биз хитойликларни ҳурмат қилишга ҳаракат қиламиз. Улар ҳам бизни ҳурмат қилиши керак. Европа институтлари айнан шу хабарни етказиши лозим”, дейди вазир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Европа Иттифоқини халқаро нормаларни бузишда ва Хорижий субсидиялар тўғрисидаги регламент механизми орқали Хитой компанияларига босимни кучайтиришда айблаганди.
Live
Барчаси