Хитой ва Вьетнам сув остида қолди: минглаб аҳоли кўчирилди
Олам
−
14:12 1847 2 дақиқа
“Нарра” тўфони сабаб Хитойнинг жанубий ҳудудлари ва Вьетнам шимолида кучли ёмғир ёғиб, сув тошқинлари ва кўчкилар юзага келди. Хитойда 54 мингга яқин аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилди ва Вьетнамда бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “The Straights Times” хабар берди.
Маҳаллий нашрларга кўра, кўчирилганларнинг 8 087 нафари фавқулодда бошпаналарга жойлаштирилган. Кучли ёғингарчиликлар инфратузилма ва қишлоқ хўжалиги экинларига ҳам зарар етказган.
Вьетнам шимолида бир неча кун давом этган ёмғирлар оқибатида 4 300 дан ортиқ хонадон бошқа ҳудудларга кўчирилган. “Нарра” тўфони Бейбую қўлтиғи, яъни Тонкин қўлтиғи устида сақланиб қолган.
Мутахассислар унинг қуруқликка чиқмаслигини, бироқ мамлакат шимолида кучли ёғингарчиликлар давом этишини билдирган.
Бугун, 24 август тонгига қадар Вьетнамнинг Ланг Сон ва Као Банг провинцияларида 24 соат ичида 236–300 миллиметргача ёмғир ёғган. Оқибатда сув тошқинлари ва ер кўчкилари юзага келган.
UNESCO’нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ха Лонг қўлтиғи жойлашган Куанг Нинь провинцияси ҳам табиий офатдан зарар кўрган. Сув шаҳарнинг айрим қисмларини босган, туризм, балиқчилик ва транспорт фаолиятида узилишлар кузатилган.
Табиий офат кундалик ҳаётга ҳам таъсир кўрсатган. Мактаб ва идораларнинг фаолияти издан чиққан, 55 мингга яқин хонадон электр таъминотидан узилган. Шунингдек, 10 минг гектардан ортиқ шоли ва бошқа экинлар зарар кўрган.
Хитойнинг жанубий қисмидаги Гуанси провинциясида эса 15 та дарёдаги сув сатҳи кузатув станцияларида хавфли чегарадан ошган. Чунсзуо шаҳрининг айрим ҳудудларини сув босган. Қутқарувчилар тиззагача етадиган сув ичида ҳаракатланиб, айрим аҳолини қайиқлар ёрдамида хавфсиз жойларга олиб чиққан.
Маълумотларга кўра, Гуанси, Гуандун, Хайнан ва Фуцзянь провинцияларида 26 августгача кучли ёмғирлар давом этиши кутилмоқда. Шунингдек, “Нарра” тўфони Хитойнинг Ойга мўлжалланган навбатдаги миссиясига ҳам таъсир кўрсатган. Мамлакат “Чанъэ-7” учувчисиз космик аппаратини учиришни кечиктирди. Миссия бугун, 24 август куни Хайнан провинциясидаги Венчан космик парвозлар марказидан учирилиши кутилган эди. Расмийлар аппарат учириш шартларига жавоб бермаганини билдирган.
Таиланд Миллий астрономик тадқиқот институти эса миссия таркибида илмий юклама борлигини ва учиришнинг кечиктирилишига айнан тўфон сабаб бўлганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япониянинг шарқий ҳудудларида кузатилган мисли кўрилмаган кучли ёмғир оқибатида камида 8 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси