Хитой ва Қозоғистон Россияни четлаб ўтиб, Европага темирйўл очди
Олам
−
04 Март 19365 2 дақиқа
Қозоғистон ва Хитой янги темирйўл йўналишини ишга туширмоқда. Бу йўл юкларни Россияни четлаб ўтиб, Европага етказиш имконини беради. Бу ҳақда бугун, 4 март куни “Қозоғистон темирйўллари” КТЖ матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа Хитойнинг “China Railway Container Transport” компанияси билан ҳамкорликда йўлга қўйилган бўлиб, унга кўра, Хитойдан жўнатилган контейнер поездлари Туркманистон, Қозоғистон, Эрон ва Туркия орқали ўтиб, Европа давлатларига етказилади.
Янги йўналиш бўйлаб биринчи поезд Хитойнинг Ченду шаҳридан Польшанинг Лодз шаҳрига йўл олган.
“Мазкур йўналиш юкларни узлуксиз етказиб беришни ва мамлакатлар ўртасида самарали алоқани таъминлайди. Йўлнинг тахминий давомийлиги 40 кун”, дейилади КТЖ баёнотида.
Шу билан бирга, Хитой Россияни четлаб ўтувчи яна икки темирйўл лойиҳасини ривожлантирмоқда. Биринчи лойиҳа Транскаспий халқаро транспорт йўналиши Қозоғистон, Каспий денгизи акваторияси, Озарбайжон ва Грузия орқали ўтади.
Иккинчи лойиҳа эса темирйўл қурилишини Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали Каспий денгизигача етказишни назарда тутади. Бу йўналишдан юклар Туркия орқали Европа Иттифоқига етказилади. 8 миллиард долларлик лойиҳа Форс кўрфази давлатлари темирйўллари билан боғлаш ҳам режалаштирилган ҳолда, 2024 йил июнь ойида тасдиқланган ва унинг амалга оширилишини China Railway International компанияси бошқаради.
Вашингтондаги Jamestown Foundation таҳлил марказига кўра, бунгача Хитойдан Европага юклар Қозоғистон, Россия ва Беларусь орқали темирйўл орқали етказилган. Бироқ Украинадаги уруш бошланганидан бери баъзи компаниялар Россия ҳудудидан транзит қилишни тўхтатган.
“Хитой учун Россиядан ташқари Европага ва Шарққа чиқишнинг муқобил йўллари муҳим. Россия орқали йўналиш энди хавфсиз эмас. Аввалги каби Европага йўл кутилмаганда ёпилиши мумкин. Шу боис Хитой учун янги йўналишларни ўзлаштириш жуда муҳим”, дейди Jamestown Foundation'нинг Марказий Осиё бўйича эксперти Давид Канкарини.
Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори Алишер Илҳомовга кўра, Россия бу лойиҳадан “хурсанд эмас”, бироқ унга очиқ қарши чиқолмайди ҳам.
“Акс ҳолда, Россия Хитой билан тўқнаш келади. Ҳозир эса Хитой Россияни ҳимоя қилувчи иттифоқчи ҳисобланади. Шу сабаб Москвада бу лойиҳа бўйича ортиқча энтузиазм йўқ”, дейди Илҳомов.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили декабрь ойида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўлини қуриш ишларига старт берган эди. Кенг қамровли минтақавий лойиҳа доирасидаги тамал тош Жалолобод шаҳрининг Тош-Қутчи қишлоғида қўйилган. Ушбу йўналиш Хитойдан Қирғизистонга, шунингдек, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига, жумладан Туркия ва ундан кейин Европа Иттифоқига юкларни етказиб беришни таъминлаши кўзда тутилган.