Хитой “Толибон” режими остидаги Афғонистонга элчи тайинлади – “Reuters”
Олам
−
14 Сентябрь 2023
3361Хитой дунёда биринчи бўлиб Афғонистондаги муваққат ҳукумат – “Толибон”га янги элчи тайинлади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қобулдаги расмий маросимда Хитой элчиси Чжао Син мамлакатдаги муваққат ҳукумат – “Толибон” Бош вазири Муҳаммад Ҳасан Охундга ишонч ёрлиқларини топширган.
Аммо агентликнинг қайд этишича, элчининг тайинланиши Хитой томонидан “Толибон” ҳукуматини расман тан олиш йўлидаги қадамми ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас.
“Бу Хитойнинг Афғонистондаги элчисининг одатий ротацияси бўлиб, Хитой ва Афғонистон ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Хитойнинг Афғонистонга нисбатан сиёсати аниқ ва изчил”, дейилади Хитой ТИВ баёнотида.
“Reuters” агентлигининг маълум қилишича, Чжао Син 2021 йил августда “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритганидан буён ушбу лавозимни эгаллаб турган хорижий давлатларнинг биринчи элчиси бўлди.
Охирги икки йил ичида “Толибон” ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан расман тан олинмаган.
LiveБарчаси