Хитой Тайванни қамал қилиш машқларини бошлади
Олам
−
14 Октябрь
4844Хитой Халқ озодлик армияси Тайвань атрофида машғулотлар бошлади. Ушбу амалиёт давомида Пекин яриморолни қамал қилишни ўрганмоқда. Бу ҳақда Хитой армиясининг Шарқий ҳарбий қўмондонлик ҳудуди расмий вакили Ли Си маълум қилди.
Ли Сига кўра, “Қўшма қилич — 2024В” деб номланган машғулотлар денгиз ва ҳаво ҳарбий тайёргарлик патрули, асосий портлар ва ҳудудларни блокировкалаш, денгиз ва ердаги нишонларга зарба бериш масалаларига қаратилган.
“Машғулотлар Тайвань мустақиллигига интилаётган сепаратист кучларга қўрқувли огоҳлантириш вазифасини ўтайди ва миллий суверенитетни ҳимоя қилиш ҳамда давлат бирлигини сақлаш учун адолатли ва зарур қадамдир”, деди Ли Си.
Машғулотларда Хитойнинг ҳарбий-денгиз флоти, ҳарбий ҳаво кучлари, ракета қўшинлари ва бошқа ҳарбий кучлар иштирок этмоқда. Маълумотларга кўра, машғулотлар Тайваннинг бутун ҳудуди атрофида ўтказилмоқда: оролнинг ғарбидаги Тайвань бўғози, унинг шарқий, жанубий ва шимолий қисмларида.
“Reuters” нашрининг ёзишича, Тайвань маъмурияти Хитойнинг ҳарбий машғулотларини “ёқимсиз провокация” деб атаган. Нашр манбаси Пекин машғулотлар давомида Тайваннинг шимолий ва жанубий портларини, халқаро денгиз йўлларини блокировкалаш ва чет эл кучларининг етиб келишини қайтариш сценарийларини ўрганаётганини тасдиқлаган.
Маълумот учун, Тайвань ва Хитой 1949 йилда фуқаролик уруши пайтида ажралиб кетган. Хитой ҳукумати “ягона Хитой” принципига амал қилади ва Тайвань мустақиллигига қарши чиқади, оролни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди. Аммо Тайвань 1980 йиллардан бери Пекин томонидан илгари сурилаётган “бир давлат — икки тизим” моделини қатъиян рад этади.
Эслатиб ўтамиз, май ойида ҳам Хитой Тайвань яқинида 111 та самолёт ва ўнлаб кемалар иштирокида машғулот ўтказгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси