Хитой Тайвань яқинидаги ҳарбий машқларини якунлади
Олам
−
25 Май
4719Хитой икки кун давом этган манёврлардан сўнг, бугун, 25 май куни Тайвань яқинида ҳарбий машқларни якунлаганини эълон қилди. Бу ҳақда Хитой давлат телевидениеси хабар берди.
Пекин Тайвань раҳбариятининг сепаратистик баёнотлари учун жазо эканини айтган машғулотларда 111 та самолёт ва ўнлаб кемалар иштирок этди.
Хитой армиясининг Тайвань яқинидаги манёврларида армия, денгиз флоти, ҳаво кучлари ва ракета кучлари иштирок этди. Хитой ҳарбийларига кўра, машғулотларда ҳаво ва денгиз патруллари, уларнинг муҳим стратегик нишонларга зарбалари ва Тайванга тегишли ороллар ва ундан ташқаридаги операциялар билан биргаликда армия бўлинмаларининг жанговар қобилияти синовдан ўтказилган.
Тайвань Хитой манёврларини аниқ ҳарбий таҳдиддан кўра кўпроқ сиёсий куч намойиши сифатида қабул қилди. Тайбэй Хитой машқларини мавжуд дунё тартибига қарши “ошкора провокация” деб атади. Хитой сўнгги йилларда Тайвань яқинида бир қанча машғулотлар, жумладан, 2022 ва 2023 йилларда кенг кўламли манёврлар ўтказди.
Тайвань 1949 йилда фуқаролар уруши тугаганидан кейин материк Хитойдан мустақиллигини эълон қилди. Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари Тайванни қўллаб-қувватлайди, лекин унинг мустақиллигини расман тан олмайди. Тайвань суверен давлат сифатида Палау, Тувалу ва Белиз каби ўнга яқин давлат томонидан тан олинган. Тайван ҳам БМТ аъзоси эмас. Хитой, агар керак бўлса, Тайванни ҳарбий куч билан ўз назоратига қайтаришга тайёр эканлигини бир неча бор таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Тайваннинг янги президенти Лай Циндэ лавозимга киришганидан бир неча кун ўтгач, Хитой оролга яқин жойда ҳарбий машғулотлар ўтказа бошлаганди. Машғулотлар Тайвань бўғозида, Тайвань қирғоқларининг шимоли, жануби ва шарқида, шунингдек, Тайвань назоратидаги Сзинмен, Мацу, Усююй ва Дунъин ороллари атрофидаги ҳудудларда бўлиб ўтди.
LiveБарчаси