Хитой сув остида тезлашди: Вашингтоннинг денгиз устунлиги хавф остидами?

Олам

image

Сўнгги беш йилда Хитой ядро сувости кемаларини АҚШдан тезроқ ишлаб чиқара бошлаган. Institute for Strategic Studies (IISS) ҳисоботига кўра, 2021–2025 йилларда Пекин 10 та атом сувости кемасини сувга туширган бўлса, Вашингтон 7 та билан чекланган. Оғирлик бўйича ҳам устунлик ХХР томонида — 79 минг тоннага қарши 55,5 минг тонна. Бу ҳақда CNN ёзди.

Бу кескин бурилиш. 2016–2020 йилларда аксинча, АҚШ етакчи эди. Энди эса Хитой нафақат ҳужумкор, балки баллистик ракетали атом сувости кемалари сонини ҳам оширмоқда. IISS’нинг “Military Balance 2025” маълумотида ХХР 12 та Вашингтон эса жами 65 та фаол ядро сувости кемасига эгалик қилиши қайд этилган. Бироқ ишлаб чиқариш суръати тенденцияни ўзгартириши мумкин.

Пекин “Боҳай” кемасозлик заводини кенгайтириб, янги авлод Type-096 стратегик кемаларини тайёрламоқда. Улар ядровий учлик (қуруқликдаги, бомбардимончи ва денгиз компоненти)ни янада мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, вертикал учириш тизимига эга янги платформалар узоқ масофали кемага қарши ракеталарни ҳам олиб юриши мумкин.

Вашингтон эса ички муаммолар билан курашмоқда. “Congressional Research Service” ҳисоботида АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари йилига икки дона “Virginia-class” кемаси қуриш режасидан ортда қолаётгани айтилади. Янги “Columbia-class” лойиҳаси ҳам кечикмоқда. Натижада 2030 йилга бориб ҳужумкор сувости кемалари сони 47 тагача тушиши, яъни “энг паст нуқта”га етиши кутилмоқда.

Албатта, сифат масаласида АҚШ устун. Ғарб экспертларига кўра, Хитой кемалари ҳали ҳам шовқин даражаси ва яширинлик бўйича ортда. Аммо денгиз стратегиясида сон ҳам ҳал қилувчи омил. Айниқса, ХХР аллақачон дунёдаги энг йирик ҳарбий-денгиз флотларидан бирига эга экани ҳисобга олинса.

Хулоса шуки, сув остидаги пойга энди тезлик босқичига ўтди ва бу пойга нафақат Тинч океани, балки глобал куч мувозанатини ҳам белгилаб бериши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой саноат роботлари бўйича дунёдаги энг йирик бозорга айлангани ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, заводларда пайвандлаш, бўяш ва йиғиш жараёнлари тобора кўпроқ роботлар зиммасига ўтмоқда. Ҳатто, “қоронғи фабрикалар” – деярли инсон иштирокисиз ишлайдиган корхоналар ҳам пайдо бўлган. Айнан юқори автоматлаштириш даражаси Пекинга электромобиллар ва қуёш панелларини арзон ва катта ҳажмда ишлаб чиқариш имконини бермоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой сувости кемалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг