Хитой демографик инқирозга технологик ечим топди
Олам
−
14 Февраль 5663 2 дақиқа
Хитойда туғилиш даражаси тарихий энг паст кўрсаткичга тушиб кетган. Бу эса яқин ўн йилликларда мамлакат иқтисодиётига жиддий зарба бериши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирмоқда. Меҳнатга лаёқатли аҳоли сони қисқариб, нафақахўрлар улуши ортиб бораётган бир пайтда, ҳукумат томонидан жорий этилган пул рағбатлари, солиқ имтиёзлари ва никоҳни енгиллаштиришга қаратилган чоралар кутилган натижани бермаяпти. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Шу боис Пекин муаммонинг бошқа ечимини – робототехника ва автоматлаштиришни фаол ривожлантиришни танламоқда. Сўнгги йилларда ХХР раҳбарияти ишлаб чиқариш соҳасини юқори технологияли ва ўз-ўзини таъминлай оладиган тизимга айлантиришни мақсад қилган. Эндиликда бу стратегия демографик инқирознинг иқтисодий оқибатларини юмшатиш воситаси сифатида ҳам кўрилмоқда.
Бугунги кунда Хитой саноат роботлари бўйича дунёдаги энг йирик бозорга айланган. Заводларда пайвандлаш, бўяш ва йиғиш жараёнлари тобора кўпроқ роботлар зиммасига ўтмоқда. Ҳатто, “қоронғи фабрикалар” – деярли инсон иштирокисиз ишлайдиган корхоналар ҳам пайдо бўлган. Айнан юқори автоматлаштириш даражаси Пекинга электромобиллар ва қуёш панелларини арзон ва катта ҳажмда ишлаб чиқариш имконини бермоқда.
Расмийлар нафақат заводлар, балки ижтимоий соҳада ҳам роботлардан фойдаланишни кенгайтиришни режалаштирмоқда. Аҳолининг 60 ёшдан ошган қатлами тез суръатларда ортиб бораётган бир пайтда, гуманоид роботлар ва сунъий интеллект асосидаги тизимлар кексаларга парвариш хизматларини кўрсатишда қўлланиши мумкин. Бу айниқса, “бир фарзанд” сиёсати оқибатида ота-онасига якка ўзи қарашга мажбур бўлаётган авлод учун долзарб масалага айланган.
Шу билан бирга, технологик сакраш қисқа муддатда янги муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Мутахассислар фикрича, автоматлаштириш ишлаб чиқариш самарадорлигини оширса-да, айрим тармоқларда иш ўринларининг қисқаришига олиб келади. Бу эса қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини кенгайтиришни, шунингдек, ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлашни талаб этади.
Экспертларнинг таъкидлашича, роботлар ва СИ демографик пасайиш оқибатларини тўлиқ бартараф эта олмайди, бироқ иқтисодий ўсишни сақлаб қолишда муҳим омил бўлиши мумкин. Туғилиш даражаси пастлигининг салбий таъсири дарҳол эмас, балки босқичма-босқич сезилади. Шу боис Хитой олдида демографик ўзгаришларга мослашиш ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун ҳали вақт бор, аммо бу мураккаб ва узоқ муддатли жараён бўлиб қолади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 2025 йилда Хитой аҳолиси кетма-кет тўртинчи йил кескин камайиб, туғилиш рекорд даражада пастлагани ҳақида хабар берилганди. Қайд этилишича, ўтган йилда мамлакат аҳолиси 3,39 миллион кишига озайиб, 1 млрд 405 миллионга тушган. Бу кўрсаткич 2024 йилдаги 1,39 миллион кишига камайишдан анча юқори.
Мусулмон Содиқ
Live
БарчасиТаровеҳ намозини ўқиш вақтлари эълон қилинди
17 Февраль