Хитой рақобати сабаб Германия автосаноати жар ёқасидами?
Олам
−
08 июл 4825 3 дақиқа
Хитой ва бошқа рақобатчилар босими кучайиб бораётган бир пайтда қатъий чоралар кўрилмаса, Европа автосаноатида иш ўринлари кескин қисқариши мумкин. Бу ҳақда Германия Автомобиль саноати ассоциацияси (VDA) баёнот берди.
Ассоциация баёнотида жамият ва ишчилар “жасоратли қарорлар” қабул қилиниши зарурлигини тан олиши лозимлиги таъкидланган. Ҳужжатда айрим автомобиль заводларини хорижлик инвесторлар ёки ишлаб чиқарувчиларга топшириш ҳам иш ўринларини сақлаб қолиш йўлларидан бири бўлиши мумкинлиги қайд этилган.
“Ҳақиқат сиёсий мақсад ва ёндашувлардан ўзиб кетди, бу эса иш ўринларини тобора кўпроқ хавф остига қўймоқда. Иқтисодий инқироз бутун Европа саноатига таъсир қилмоқда. Бунинг оқибатлари ҳар куни кўриниб турибди ва тобора жиддий тус оляпти.
Бу тарзда барча заводлар ва етказиб берувчиларни сақлаб қололмаймиз. Шунинг учун, масалан, ушбу ишлаб чиқариш майдонларини хорижий компанияларга очишимиз керак. Сақлаб қолинган ҳар бир завод иш ўринларини ҳам сақлаб қолади.
Имкониятлар камайди, аммо уларни амалга ошириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Германия ва Европа жасоратли қарорларни талаб қиладиган вазиятда турибди. Бу одамлар учун катта ўзгаришлар, кўп йиллик одатлар ва давлат энди таъминлай олмайдиган айрим имтиёзлардан воз кечишни ҳам англатади”, деган VDA президенти Ҳильдегард Мюллер.
Автомобиль саноати Германия иқтисодиётининг асосий устунларидан бири ҳисобланади. Volkswagen, Mercedes-Benz ва BMW каби компаниялар билан бирга тармоқда тўғридан тўғри ва билвосита тахминан 3 миллион киши меҳнат қилади. Шу боис соҳадаги вазият бутун Европа саноати саломатлигининг муҳим кўрсаткичи сифатида қаралади.
Boston Consulting Group ўтган ой эълон қилган ҳисоботга кўра, Европа автомобилсозлиги ўнлаб йиллар давомида кучли таъминот занжирлари, юқори малакали ишчи кучи ва йирик ишлаб чиқариш ҳажмига таяниб келган бўлса, бу барқарорлик ҳозир тубдан ўзгарган.
Ҳисоботда Европадаги ишлаб чиқариш қувватлари талабдан йилига 5 миллиондан ортиқ автомобиль миқдорига ошиб кетгани, бу эса қитъа бўйлаб тахминан 35 та завод қувватига тенг экани айтилган. Сўнгги икки йилда асосий эътибор Хитойдаги ортиқча ишлаб чиқариш қувватларига қаратилган бўлса, VDA Европа бозорида автомобиль харидлари ҳам сезиларли камайиб бораётганини таъкидлаган.
Маълумотларга кўра, Volkswagen 2030 йилгача харажатларни қисқартириш дастури доирасида 100 минггача иш ўрнини қисқартиришни расман таклиф қилишга тайёрланмоқда. Бу аввал режалаштирилган қисқартиришлардан икки баробар кўп бўлиб, бир нечта заводларни қисқартириш ёки ёпишни ҳам ўз ичига олади.
Бу режалар эртага, 9 июль куни Вольфсбургда бўлиб ўтадиган компания кузатув кенгаши йиғилишида муҳокама қилинади. Касаба уюшмаси IG Metall эса Volkswagen’нинг барча корхоналарида норозилик тадбирлари ўтказилишини эълон қилган. Намойишлар Эмден, Цвиккау, Ганновер ва Кассел шаҳарларида режалаштирилган.
“Die Zeit” нашри маълумотига кўра, шунга ўхшаш акциялар Porsche, Audi ҳамда юк машинаси ва автобус ишлаб чиқарувчиси MAN корхоналарида ҳам ўтказилиши кутилмоқда.
VDA Германия ва Европа Иттифоқи раҳбарларини бизнес моделлари ўзгараётган бир пайтда заводларни сиёсий қарорлар билан ҳимоя қилиб бўлмаслигини тан олишга чақирган.
“Бу воқеликка кўз юмиш жамият учун оғир оқибатларга олиб келади. Бу қарорлар осон эмас ва барча манфаатдор томонлар билан мулоқот орқали қабул қилиниши керак. Улар барчамиздан ўзгаришларга тайёр бўлишни талаб қилади”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ премиум-классдаги автомобилларни йиғишга ихтисослашган Германиянинг энг йирик автоконцернларидан бири Mercedes-Benz ҳарбий техникалар ишлаб чиқаришни бошлаши мумкинлиги ҳақида хабар берилган.
Live
Барчаси