Хитой парадда қандай янги қуролларини кўрсатди?
Олам
−
03 Сентябрь 12523 2 дақиқа
Бугун, 3 сентябрь куни Хитой Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган парадда илк бор DF-5C стратегик қитъалараро ядро ракетасини намойиш этди. Бу ҳақда “Global Times” нашри хабар берди.
Ракета технологиялари ва ядровий қуролсизланиш бўйича мутахассис, профессор Ян Чэнцзюнь нашрга берган изоҳида бу ракетанинг тахминий учиш масофаси 20 минг километрдан ортиқ эканини айтган (экватор узунлиги 40 минг км). “Global Times”нинг ёзишича, бу ракета дунёнинг исталган нуқтасини нишонга олиш имконига эга.
Яннинг сўзларига кўра, ракетанинг асосий хусусиятлари – юқори тезлиги, юқори аниқликдаги бошқарув, оддий ёки ядровий жанговар каллакларни олиб юриш имконияти.
Нашрнинг қайд этишича, Хитой парад давомида яна уч турдаги гипертовушли ракеталарини ҳам кўрсатган – YJ-21, DF-17 ва DF-26D.
- YJ-21 – самолётдан учириладиган баллистик ракета;
- DF-17 – ўрта ва қисқа масофали ракета;
- DF-26 эса ядровий ҳамда оддий снарядларни олиб юришга қодир баллистик ракета.
Бундан ташқари, парадда турли хил учувчисиз аппаратлар ҳам намойиш этилган. Улардан бири – “етакчи дронлар”. Улар учувчи бошқарадиган жанговар самолётлар билан мувофиқ ишлайди ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини бостириш, кузатув, разведка, ҳамроҳлик, шунингдек, ўқ-дорилар ташишда қўлланилиши мумкин.
“Global Times”нинг ёзишича, яна бир янгилик – устунлик учун курашувчи дронлар. Эксперт Чжан Сюэфэнга кўра, бундай дронларни учувчисиз ҳаво жанговар кучларининг энг илғор қурол ва техникаларидан бири деб ҳисоблаш мумкин. Улар мустақил ҳаво жангини олиб бориш имкониятига эга.
Шунингдек, Хитой кема бортидаги учувчисиз вертолётларни ҳам тақдим этган. Улар разведка, эрта огоҳлантириш, кемаларга ва сувости кемаларига қарши ҳаракатлар, қидирув-қутқарув ҳамда транспорт вазифаларида ишлатилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ШҲТ саммитдан сўнг, бугун, 3 сентябрь куни Пекин шаҳрининг Тяньаньмэнь майдонида Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтгани хабар қилинганди. Парадда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам рафиқаси билан қатнашди. Шунингдек, унда Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Россия Президенти Владимир Путин, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ва яна 24 давлатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь