Хитой Кўрфаз давлатларини эркин савдо келишувини имзолашга чақирди

Олам

image

Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашини Хитой билан эркин савдо тўғрисидаги келишув бўйича кўп йиллардан бери давом этиб келаётган музокараларни якунлашга даъват қилди. Унинг таъкидлашича, протекционизм ва яккахокимлик кайфияти кучайиб, эркин савдо “ҳужум остида” қолаётган бир пайтда бу масала айни пайтда айниқса долзарб. Бу ҳақда бугун, 15 декабрь куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди. 

Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Яқин Шарққа уч давлатни қамраб олган сафарни амалга оширмоқда. Сафар Бирлашган Араб Амирликларидан бошланган бўлиб, Иорданияда якунланиши кутилмоқда. Кеча, 14 декабрь куни у Ар-Риёдда Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Жасем Муҳаммад Албудейви билан учрашди, шунингдек, Саудия Арабистонининг юқори лавозимли амалдорлари билан алоҳида музокаралар ўтказди.

“Музокаралар 20 йилдан ортиқ вақтдан бери давом этмоқда, барча жиҳатлар бўйича шарт-шароитлар деярли етилиб бўлди, энди якуний қарор қабул қилиш вақти келди”, деган Ван И Албудейви билан учрашувда.

Унинг айтишича, эркин савдо келишувининг муваффақиятли имзоланиши дунёга “кўп томонлама ҳамкорликни ҳимоя қилиш” бўйича кучли сигнал юбориш бўлади. Ван И Хитой блокнинг стратегик мустақиллигини ва мувофиқлашувини кучайтиришини, интеграция жараёнларини илгари суришини қўллаб-қувватлашини ҳам таъкидлади.

Шунингдек, Ван И Хитой иқтисодиёт, савдо, инвестициялар ва бошқа соҳаларда Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши билан ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини қайд этди.

Кеча, 14 декабрь куни Хитой ва Саудия Арабистони минтақавий ҳамда халқаро масалалар юзасидан яқинроқ алоқа ва мувофиқлаштиришни кучайтиришга келишиб олди. Хитойнинг расмий “Синьхуа” ахборот агентлиги эълон қилган қўшма баёнотда томонлар қайси аниқ масалалар бўйича мувофиқлаштиришни кучайтириши батафсил кўрсатилмаган. Бироқ Хитойнинг Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаши алоҳида таъкидланган.

“Хитой Саудия Арабистонининг минтақавий ва халқаро хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлаш йўлидаги етакчи роли ва саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, ҳужжатда икки давлат Фаластин масаласини “кенг қамровли ва адолатли ҳал этиш” ҳамда фаластинликлар учун мустақил давлат тузилишини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотига кўра, юқори даражадаги учрашувда Ван И Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири , шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Саудга Хитой доимо Саудия Арабистонини “Яқин Шарқ дипломатиясидаги устувор йўналиш” ва глобал миқёсдаги муҳим ҳамкор сифатида кўриб келишини билдирган.

Бундан ташқари, у энергетика ва инвестициялар, шунингдек, янги энергия манбалари ҳамда яшил трансформация соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга чақирган. Қўшма баёнотга мувофиқ, томонлар дипломатик ва махсус паспорт эгалари учун визаларни ўзаро бекор қилиш бўйича келишувга эришган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Хитой Бирлашган Араб Амирликлари Иордания Persian Gulf

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг