COVID-19 SARS ва MERS`ни ортда қолдирди

Олам

image

Хитойда пайдо бўлиб дунёга тарқалган янги 2019-nCoV коронавирусидан ҳалок бўлганлар 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдроми (MERS-CoV) қурбонларидан кўпайиб кетди.

Бугун, 10 февраль маълумотига кўра, коронавирус қурбонлари 910 нафарга етди. Уларнинг 908 нафари Хитойнинг материк қисмида ҳалок бўлган. Икки ўлим Гонконг ва Филиппинда қайд этилган.

2019-nCoV коронавируси билан касалланганлар дунё бўйича 40 554 нафарга етди. Шундан 40 171 нафари Хитойда аниқланган.

Вирусдан даволанганлар бугунга келиб, 3342 нафарни ташкил қиляпти. Беморларнинг 6494 нафари оғир аҳволда деб баҳоланяпти.

Маълумот учун, SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган. Хитойда янги коронавирусга вақтинчалик NCP номи берилди. Бу борада янги коронавируснинг ўлим даражаси 2,2 фоизга тенг.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 27 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания ва Бельгияда аниқланди.

ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой вирус

Баҳолаганлар

172

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг