Хитой гуманоид роботлар бозорида мутлақ етакчилик қилмоқда
Технология
−
17 Январь 1067 2 дақиқа
Ҳозирда жаҳон бозоридаги одамсимон роботларнинг 80 фоиздан ортиғи Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ҳақда “South China Morning Post” хабар берди.
Қайд этилишича, AgiBot ва Unitree Robotics компаниялари Хитойга 2026 йилда жаҳон бозорининг катта қисмини эгаллаш имконини беради, 2027 йилга бориб эса гуманоид роботлар бозори ҳажми олти баравар ошиши кутилмоқда.
Миллий стартаплар – AgiBot ва Unitree Robotics ҳисобига Хитой инсон қиёфасидаги роботларнинг ҳар бештадан тўрттасидан кўпроғини ўзида жамлаган. Таҳлилчиларга кўра, ушбу соҳада оммавий ишлаб чиқариш ва тижорийлаштириш жараёни тезлашади.
“Counterpoint” маълумотларига кўра, 2025 йилда дунё бўйлаб жами 16 мингта инсон қиёфасидаги робот йиғилган. Улар асосан маълумот тўплаш ва илмий тадқиқотлар, шунингдек логистика, ишлаб чиқариш ва автомобилсозлик соҳаларида қўлланилган.
Тадқиқот компанияси прогнозига кўра, 2027 йилга бориб бозор ҳажми 100 минг донадан ошади, бу 2025 йилга нисбатан олти баравар кўп дегани. Роботларнинг 72 фоизи логистика, ишлаб чиқариш ва автомобилсозлик соҳаларига тўғри келиши кутилмоқда.
“Counterpoint” ҳисоботида қайд этилишича, яқин икки йил ичида гуманоид роботлар ишлаб чиқараётган тобора кўпроқ компаниялар уларнинг серияли версияларини бозорга чиқаради ва айнан ушбу роботларнинг самарадорлиги бутун соҳанинг ривожланиш суръатларини белгилаб беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилда бутун дунё бўйича етказиб берилган қарийб 13 минг дона одамга ўхшаш (гуманоид) роботларнинг мутлақ кўпчилиги Хитой ишлаб чиқарувчилари ҳиссасига тўғри келгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси