Хитой “CentiSpace-2” йўлдошларини учирди
Олам
−
17:19 585 2 дақиқа
Хитой Халқ Республикаси Сариқ денгиз акваториясидаги (Шаньдун провинцияси, Шарқий Хитой) Хайян космодромидан “CentiSpace-2” сунъий йўлдошлар гуруҳини орбитага чиқарди. Бу ҳақда Хитой аэрокосмик фан ва техника корпорацияси (CASC) хабар қилди.
Корпорациянинг WeChat саҳифасида аниқлик киритилишича, парвоз “Jielong-3” (ёки “Smart Dragon-3”) ракета-ташувчиси ёрдамида амалга оширилган. Парвоз жорий йилнинг 22 март куни Пекин вақти билан соат 23:49 да бўлиб ўтган.
“CentiSpace” коинот аппаратлари паст ер орбитасидан глобал навигация сунъий йўлдош тизимларига қўшимча сигналлар узатиш хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланган.
“Jielong-3” ракетаси CASC’нинг Биринчи илмий тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган. Ушбу тўрт босқичли қаттиқ ёнилғида ишловчи ракетанинг узунлиги 31 метрни, бош қисмининг диаметри эса 3,35 метрни ташкил қилади. У 500 км баландликдаги орбитага 1,5 тоннагача фойдали юкни етказиб бериш имкониятига эга. 2022 йил декабрь ойидан бери қўлланилаётган ушбу турдаги ташувчилар 10 та миссияни бажарди (2026 йилнинг ўзида аллақачон иккита парвоз амалга оширилди).
Маълумот учун, Пекин метеорологик, телекоммуникация ва навигация йўлдошларини, шунингдек, Ойни тадқиқ қилиш технологияларини яратиш орқали миллий коинот дастурини фаол ривожлантирмоқда. Давлат қўллови билан хитойлик мутахассислар астероидлар ва Марсни ўрганиш имкониятлари устида ишламоқда. Ер орбитасида Хитойнинг халқаро ҳамкорлик учун ҳам мўлжалланган коинот станцияси фаолият юритмоқда. 2025 йилда Хитой 92 та учиришни амалга ошириб, ўз рекордини янгилаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA) Марсни ўрганиш учун у ерга “Ingenuity” типидаги роботлаштирилган вертолётларни юборишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси