Хитой BRICS'ни G7 га қарши “қайради”
Олам
−
21 Август 2023
7288Хитой эртага, 22 август куни Йоханнесбургда бошланадиган BRICS саммитида ташкилот аъзоларини G7 нинг тўлақонли, геосиёсий рақибига айлантиришга чақиради. Бу ҳақда “Financial Times” нашри хабар берди.
"Агар биз BRICS'ни G7 каби глобал ялпи ички маҳсулот улуши учун масъул бўладиган қилиб кенгайтирсак, унда бизнинг дунёдаги умумий овозимиз кучаяди", дейди ўз номини ошкор қилмасликни маъқул кўрган Хитой вакили нашрга.
Газетанинг эслатишича, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса 22-24 август кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган саммитга 60 дан ортиқ давлат раҳбарлари ва ҳукумат бошлиқларини таклиф қилган. Жанубий Африка расмийларига кўра, 23 давлат BRICS'га қўшилишдан манфаатдор эканини билдирган.
Маълумот учун, 2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой BRIC гуруҳини тузди. Жанубий Африка 2011 йилда унга қўшилди ва уни BRICS'га айлантирди. Бу йил BRICS'га Жанубий Африка раислик қилмоқда.
Жорий йилнинг апрель ойида “Bloomberg” Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига таяниб, 2020 йилдан буён BRICS давлатлари глобал иқтисодий ўсишга қўшган ҳиссаси бўйича G7 давлатларидан ўзиб кетгани ҳақида хабар берган эди.
“Bloomberg” маълумотларига кўра, бу йил BRICS'га аъзо давлатлар ўсишнинг 32,1 фоизини, G7 эса 29,9 фоизни таъминлайди.
Агентликнинг қайд этишича, 2020 йил якунида харид қобилияти паритети бўйича ушбу ҳар икки давлатлар гуруҳининг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши тенг бўлган ва ҳар бири 31 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, 2028 йил охирига келиб, BRICS улуши 33,6 фоизгача ўсади, G7 учун эса 27,8 фоизгача камайиши прогноз қилинган.
LiveБарчаси