Хитой Беларусь ва Ўзбекистон билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга чақирди

Олам

image

Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари йиғини доирасида Беларусь Ташқи ишлар вазири Максим Риженков ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан алоҳида учрашувлар ўтказиб, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Учрашувлар юзасидан Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Беларусь билан учрашувда Хитойнинг асосий миллий манфаатларига доир масалаларда “қатъий қўллаб-қувватлаб келаётгани” учун Минскка миннатдорлик билдирган. Шунингдек, Хитой Беларусь билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма тараққиёт банкини ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишларини жадаллаштиришга чақирган.

Маълум қилинишича, учрашув сўнгида томонлар ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги 2026–2027 йилларга мўлжалланган маслаҳатлашувлар режасини имзолаган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон билан учрашувда эса Ван И Бахтиёр Саидов билан суҳбатда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини илгари суриш билан бир қаторда, саноатлаштиришга оид янада йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишга чақирган. Шунингдек, икки томон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва хавфсизлик соҳасидаги қўшма ҳамкорлик механизмини самарали ишлатиши лозимлиги таъкидланган.

Нашрнинг ёзишича, Хитой БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва “Хитой – Марказий Осиё” механизми каби кўп томонлама майдонларда ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янада кучайтиришга чақирган.

Маълумот учун, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Евроосиёдаги 10 аъзо давлатни бирлаштирган тузилма бўлиб, унинг таркибига Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон ҳамда Марказий Осиё давлатлари киради.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг