Хитой АҚШни жавоб зарбаси билан огоҳлантирди
Олам
−
14 Декабрь 2021
20303Хитой АҚШни унинг санкцияларига жиддий жавоб бериш билан огоҳлантирди. Кеча, 13 декабрь куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот котиби Ванг Венбин журналистлар билан бўлган учрашувда АҚШнинг санкцияларини “нотўғри ҳаракатлар”дея баҳолади.
Унга кўра, АҚШнинг Хитойни инсон ҳуқуқларини бузишда айблаб жорий этган санкцияларига Пекин томонидан қаттиқ жавоб бўлади.
“Биз АҚШни нотўғри қарорларини зудлик билан бекор қилишга ҳамда Хитойнинг ички ишларига аралашишни ва Хитой манфаатларига зид ҳаракатларни бас қилишга чақирамиз. Агар АҚШ ўйламасдан қилаётган ҳаракатларини давом эттирадиган бўлса, Хитой унга кескин зарба бериш учун самарали чоралар кўради”, дея таъкидлади Матбуот котиби учрашув чоғида.
У, шунингдек, Хитойнинг Шинжон мухториятидаги мусулмон уйғур жамиятига нисбатан сиёсатини ҳимоя қилиб, уни “зўравонлик, терроризм, сепаратизм ва диний экстремистик кучларга қарши курашиш”, дея атади.
"Қўшма Штатларнинг нотўғри ҳаракатлари, Шинжон ривожланишига таъсир этган ҳолда Хитойни тараққиётдан тўхтатиб, унинг тарихий ривожланиш тенденциясини тескари томонга ўзгартира олмайди", дея қўшимча қилди у ўз нутқида.
Хитойнинг ғазабланишига сабаб, ўтган ҳафта АҚШнинг Хитой, Мьянма ва Шимолий Кореялик бир қатор юридик шахслар ва ташикилотларга инсон ҳуқуқларининг бузилиши айби билан жиддий санкциялар жорий қилгани бўлмоқда.
АҚШ санкция киритган ташкилотлар орасида Хитойнинг сунъий ақл ёрдамида инсонлар қиёфасини таниб, фарқловчи кузатув камераларини ишлаб чиқарувчи “SenseTime” компанияси ҳам ўрин олган.
Жорий йилнинг 9-10 декабрь кунлари ўтказилган бутунжаҳон “Демократия саммити”да АҚШ Президенти Жозеф Байден ўз баёнотида Хитойда уйғур мусулмонларига нисбатан инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва Гонг Конг масаласида Пекин юритаётган нотўғри сиёсатга тўхталиб ўтган.
Хитой Шинжондаги инсон ҳуқуқларининг бузилишини рад этмоқда, бироқ АҚШ ҳукумати ва кўплаб инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Пекиннинг геноцид амалга ошираётгани ҳақида бонг уриб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 9 декабрь Халқаро геноциднинг олдини олиш кунида Лондондаги Уйғур суди Хитой ҳукуматини уйғурлар ва бошқа миллий озчиликларни геноцид қилишда айбдор деб топганди. Суд, Хитой Коммунистик партиясини уйғурлар орасида туғилиш даражасини пасайтириш бўйича мақсадли ва тизимли сиёсат олиб бориш, зўравонлик, қийноқлар ва мажбурий стерилизация каби ғайриинсоний жиноятларда ҳам айбдор деб топганди.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси