Лондондаги Уйғур суди Хитойни уйғурлар геноцидида айбдор деб топди
Олам
−
09 Декабрь 2021
8300Шарқий Туркистонда Хитой ҳукумати томонидан олиб борилаётган тизимли босим ва ассимиляция сиёсатини ўрганиш мақсадида Буюк Британия пойтахти Лондонда ташкил этилган “Уйғур суди” Хитой ҳукуматини уйғур турклари ва бошқа миллий озчиликларни геноцид қилишда айбдор деб топди. Ҳукм бугун, 9 декабрь – Халқаро геноциднинг олдини олиш кунида эълон қилинди.
Суд қарорига кўра, Хитой Коммунистик партияси уйғурлар ва уларнинг турмуш тарзини атайлаб қисман йўқ қилишга ҳаракат қилмоқда.
Суд раиси Жеффри Ниц Хитой ҳукуматини оммавий қамоққа олиш, оилаларни бир-биридан ажратиш, стерилизация, жинсий зўравонлик, мажбурий меҳнат ва маданий мерос объектларини йўқ қилиш сиёсатини қўллашда айблади. Унинг сўзларига кўра, Хитой Коммунистик партияси уйғурлар орасида туғилиш даражасини пасайтириш бўйича мақсадли ва тизимли сиёсат олиб бормоқда. Хитой ҳукумати геноциддан ташқари, зўравонлик, қийноқлар ва мажбурий стерилизация каби ғайриинсоний жиноятларда ҳам айбдор деб топилган.
Ҳозирча ушбу суд қарори қонуний кучга эга эмас. Ушбу судни ташкил қилишдан асосий мақсад Хитой ҳукумати олиб бораётган ноинсоний ва зулмкор сиёсатга халқаро миқёсдаги судлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг эътиборини жалб қилишдан иборат бўлган.
Бунга қадар, жорий йилнинг июнь ва сентябрь ойларида бўлиб ўтган суд йиғилишларида гувоҳлар, экспертлар тингланиб, юзлаб саҳифали далиллар тўпланган. Хитой ҳукумати эса ушбу суд мажлисига вакил юборишдан бош тортган.
АҚШ Давлат департаменти, Буюк Британия, Бельгия, Канада ва Нидерландия парламентлари Хитойнинг уйғурларга қарши ҳаракатларини геноцид деб тан олмоқда.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь