Хитой АҚШга жиддий айблов қўйди
Олам
−
23 Февраль 2023
17006Хитой Америка Қўшма Штатларини дунёдаги энг йирик уруш ва можароларни тарқатувчиси деб ҳисоблайди. Бу ҳақда бугун, 23 февраль куни бўлиб ўтган брифингда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Вэньбинь маълум қилди.
“Қўшма Штатлар энг катта уруш қўзғатувчиси ҳисобланади. 240 йилдан ортиқ тарихида Қўшма Штатлар бор-йўғи 16 йил давомида урушга киришмаган”, дейди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили.
Унинг таъкидлашича, Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин Вашингтон қуролли можароларнинг қарийб 80 фоизини бошлаб берган, 50 дан ортиқ хорижий ҳукуматларни ағдаришга уринган, камида 30 мамлакатдаги сайловларга аралашган ва 50 дан ортиқ хорижий етакчиларни йўқ қилишга уринган.
Маълумот учун, АҚШ-Хитой муносабатлари сўнгги пайтларда Америка осмонида пайдо бўлган Хитой “жосус шари” машмашаси ортидан ёмонлашган эди.
Ўшанда Хитой тарафи ҳаво шарини илмий мақсадларда фойдаланилган деб даъво қилган, АҚШ эса уни уриб тушириб, текширув ўтказган ва шарни разведка мақсадларида қўлланилганини маълум қилганди. Кейинчалик АҚШ давлат департаменти 150 га яқин хорижий дипломатларни Хитой “жосус шари” хавфидан огоҳлантирганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ван Вэньбинь АҚШни энг йирик жосус давлат деб атаган. Унинг миллий хавфсизлик агентлиги Германия, Франция, Норвегия, Швеция, Нидерландия ва бошқа Европа давлатларининг юқори мартабали амалдорларининг матнли хабарларини кузатиб, телефон қўнғироқларини тинглаб боришини айтганди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь