Ўзбекистон коронавирус киришига тайёрми, шифохоналарда жой борми?
Жамият
−
10 Март 2020
13517Ўзбекистонда COVID-2019 вируси қайд этилиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда шифохоналар ва улардаги ўринлар захираси Тошкент шаҳрида жойлашган вирусология илмий-текшириш институти ва эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институтида ташкил этилган. Бу ҳақда бугун, 10 март куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов маълум қилди.
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг маълум қилишича, Ўзбекистондаги мавжуд бир вилоят ва туманлардаги юқумли касалликлар шифохоналарида мана шундай захира ўринлар тайёрланган. Агар, мамлакатда коронавирус қайд этилгудек бўлса, биринчи бўлиб вирусология илмий-текшириш институти, иккинчи эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институтига мурожаат қилиш мумкин. Шунингдек, юқумли касалликлар шифохоналарига мурожаат қилинади.
“Бундан ташқари, иккинчи қаторда турадиган резерв шифохоналаримизни – шошилинч тез тиббий ёрдам марказлари ва вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини резерв ўринлар сифатида назарда тутяпмиз”, дейди вазир.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 29 январь куни “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойишни имзолаган эди.