Хави Нидерландия терма жамоаси бош мураббийи бўлди
Sport
−
09:26 600 2 minutes
2010 йилги Жаҳон чемпиони, испаниялик Хави футбол бўйича Нидерландия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда Нидерландия Қироллик футбол ассоциацияси (НФА) матбуот хизмати маълум қилди.
Манбага кўра, мутахассис билан келишув 2030 йилги Жаҳон чемпионати якунига қадар амал қилади.
Хави 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг 1/8 финалидаги мағлубиятдан сўнг истеъфога чиққан Роналд Куман ўрнини эгаллади. Куман 2023 йил апрелидан буён Нидерландия терма жамоасини бошқариб келган. Унинг раҳбарлигида жамоа 2024 йилги Европа чемпионатининг ярим финалига қадар етиб борган.
46 ёшли Хави сўнгги бор Испаниянинг “Барселона” клубини бошқарган. У 2021 йил ноябридан 2024 йил майига қадар каталонияликлар жамоасига устозлик қилган. Унинг раҳбарлигида “Барселона” 2023 йилда Испания чемпионати ва Испания Суперкубогини қўлга киритган.
Маълумот учун, Хави 2019-2021 йилларда Қатарнинг “Ал-Садд” клубида бош мураббий сифатида фаолият юритган. У “Барселона” тарбияланувчиси бўлиб, 1998-2015 йилларда клуб сафида тўп тепган. Хави каталонияликлар билан саккиз марта Ла Лига, уч марта Қирол кубоги ва тўрт марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан.
У “Барселона” сафида жами 767 та ўйин ўтказиб, 85 та гол урган ва 185 та голли узатмани амалга оширган.
Хави Испания терма жамоаси билан 2010 йилги Жаҳон чемпионати, 2008 ва 2012 йилги Европа чемпионатларида ғолиб чиққан. Шунингдек, 2000 йилги Олимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритган.
Live
All