“Хатоларимни такрорламанг”. Атамбоев Жапаровга давлат бошқарувида маслаҳат берди
Олам
−
13 Апрель 2023
11184Қирғизистонда Апрель инқилобининг 13 йиллиги муносабати билан мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаровга юзланиб, унга мухолифат, оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорларга босим ўтказмасликни маслаҳат берди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook’даги саҳифасида ёзди.
“Давлат раҳбарига битта маслаҳат шуки, унга турли хил ғайритабиий фитналар ҳақида хабар бериб, жиноий ишларни тўқиб чиқараётганларга ишонмасин. Айниқса, улар оммавий ахборот воситаларига, журналистларга, блогерларга ва маҳаллий бизнесга қарши бўлса. Шуни унутмаслигимиз керакки, мухолифат ҳар қандай демократик давлатда тараққиётнинг ажралмас элементи ҳисобланади. Хатоларимни такрорламанг. Бу президент ва бутун мамлакатга фақат соя солади”, деб ёзган Атамбоев.
Собиқ президент 2010 йил апрель воқеаларини эслаб, ўшанда оддий халқ дунёга сиёсатчилар ва журналистларни ўлдириш, жамиятда қўрқув уйғотиш орқали ўзларини бошқаришларига йўл қўймасликларини кўрсатиб қўйганини таъкидлаган.
2011 йил декабрдан 2017 йил ноябргача президентлик қилган Атамбоев ўз фаолияти давомида эришган ютуқларини ҳам санаб ўтган. У ўзининг раҳбарлик даврида аҳоли турмуш даражасини, айниқса, қишлоқларни юксалтириш, миллий иқтисодиётни яхшилаш, энергия қувватларини ошириш, газ таъминоти ишончлилигини ошириш, янги йўллар ва мактабларни фаол таъмирлаш ва қуриш, янги сайлов жараёни тизимини яратиш, қатор мафкуравий дастурлар билан шуғилланганини таъкидлаган.
“Мана ўша йилларда Қирғизистон биринчи марта давлат даражасида 1916 йилги миллий фожиа қурбонлари олдидаги хотира қарзини тўлаб берди, улуғвор Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг ташаббускори ва ташкилотчисига айланди”, деб эслайди Атамбоев.
Шунингдек, у Жапаров ўз ишини яхши билишини урғулаган.
“Мен президент атрофидаги баъзи одамлар Бакиев режимининг тикланишини, ўтмишга қайтишни қандай исташларини кўрдим. Ўшанда Садир Жапаров уларни қўллаб-қувватламаганидан хурсандман. Умид қиламанки, у ҳаммасини ўзи ҳал қилади”, деб ёзган собиқ президент.
Унинг қўшимча қилишича, амалдаги президентга ўз муддатини тинчлик билан якунлаш имкониятини бериш тўғри бўлади. Шунингдек, у Қирғизистонда муваффақиятли давлат бошқаруви халқнинг ихтиёрий бирлиги шароитидагина яратилишига ишонч билдириб, бунинг ягона йўли демократия, ҳокимият ва фуқаролик жамияти, сиёсий партиялар ва мустақил оммавий ахборот воситаларининг яқин ҳамкорлигида эканини қайд этган.
Маълумот учун, Апрель инқилоби собиқ президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятининг ағдарилишига олиб келган. Бишкекдаги қуролли тўқнашувларда 80 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 1500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бакиев мамлакатни тарк этган, ҳокимият Роза Отунбоева бошчилигидаги Муваққат ҳукуматга ўтган, Атамбоев унинг биринчи ўринбосари бўлган. 2011 йилги сайловларда Атамбоев Қирғизистон президенти этиб сайланган. Кейинчалик у Конституцияда белгиланган муддат тугагандан сўнг ўз лавозимини ихтиёрий ҳолда тарк этадиган Марказий Осиёдаги биринчи давлат раҳбари бўлган.
LiveБарчаси