Харьков кенгроқ ҳужумнинг биринчи тўлқини бўлиши мумкин – Зеленский
Олам
−
18 Май 2024 9537 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Россия шимоли-шарқдаги ҳужумини кучайтиришини кутмоқда ва Киевда фронт чизиғини ушлаб туриш учун зарур бўлган ҳаво мудофаа воситаларининг атиги тўртдан бир қисми борлигини айтди. Бу ҳақда у AFP агентлигига берган интервьюсида сўз очди.
Зеленскийнинг айтишича, Россия қўшинлари Украина қўшинлари томонидан тўхтатилгунга қадар шимоли-шарқий чегара бўйлаб 5-10 километр олдинга ўтишга муваффақ бўлган. Президент Харьков вилоятида жанговар ҳаракатларнинг кучайиши кенгроқ ҳужумнинг "биринчи тўлқини" бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.
“Бу (Россия учун) катта муваффақият деб айтмайман, лекин биз ҳушёр бўлишимиз ва улар бизнинг ҳудудимизга чуқурроқ кириб боришини тушунишимиз керак”, дейди Зеленский.
Унинг қўшимча қилишича, Харьков вилоятидаги вазият “назорат остида”, аммо “барқарорлаштирилмаган”.
AFP Урушни ўрганиш институти маълумотларига асосланиб, Россия қўшинлари 9-15 май кунлари оралиғида 278 квадрат километр майдонни эгаллаб олганини тахмин қилмоқда. Журналистлар бу 2022 йил охиридан бери энг юқори кўрсаткич, дея қайд этади.
Зеленский яна иттифоқчиларини Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва қирувчи самолётлар етказиб беришга чақирди.
"Бугун бизда Украинани ҳимоя қилиш учун зарур бўлган нарсаларнинг тахминан 25 фоизи бор", дейди Зеленский.
Унинг таъкидлашича, Россия билан “ҳаво паритети”га эришиш учун Украинага 120-130 та Ф-16 қирувчиси ёки бошқа замонавий самолётлар керак.
Маълумот учун, 10 май куни Россия қўшинларининг Харьков вилоятини ўққа тутиши кескин кучайди. Шу куни Россия ҳарбийлари ҳужумга ўтиб, қатор ҳудудларда чегарани кесиб ўтиб, Украина ҳудудидаги чегарадош аҳоли пунктларида мустаҳкам ўрнашиб олишга уринди. Урушни ўрганиш бўйича Америка институтининг таъкидлашича, бундан Харьковни эгаллашга уриниш эмас, балки Белгород вилояти билан чегарада "буфер зона" яратиш мақсад қилинган бўлиши мумкин.
Россия ҳужум бошлаганидан бери Украина Харьков вилоятининг чегара зонасидан деярли 9 минг кишини эвакуация қилди.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин кеча, 17 май куни Хитойга ташрифи чоғида Харков йўналишидаги ҳужум буфер зона яратишга уриниш эканлигини айтди.
Live
Барчаси