Халқни рози қилиш жудаям қийин – Энергетика вазири шикоятларга муносабат билдирди
Жамият
−
25 Ноябрь 2020
12871Айни кунларда республика ҳудудларида газ ва электр энергиясидаги узилишлар, айниқса, чекка қишлоқларга суткалаб газ ва электр энергияси етиб бормаётгани ҳақида кўплаб шикоятлар бўлмоқда.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимида фаолиятини бошлаган илк даврларданоқ давлат хизматчилари, ҳокимлар ва раҳбарларнинг асосий вазифаси халқни рози қилиш эканини айтиб келади. Давлат раҳбари кеча, 25 ноябрь куни тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бугун халқни рози қиладиган раҳбарлар кераклигини алоҳида урғулади.
Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда илк бор 2016 йил – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзоларига йўллаган мурожаатномасида гапириб, “Халқ давлат идоралари учун эмас, аксинча, давлат идоралари халқ учун ишлаши керак”, деган эди.
Хўш, айни куз-қиш мавсуми, газ ва электр энергиясидан узилишлар бўйича арз ва шикоятлар кун тартибига чиққан бугунги кунларда халқ бунга масъул ташкилотлардан розими? QALAMPIR.UZ кеча Telegram каналидаги фойдаланувчиларга “Сиз Энергетика вазирлиги, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, “Ҳудуд газ таъминот” АЖдан розимиз? Улар халқни рози қилдими?”, деган савол билан юзланди. Сўровномада 9 мингдан ортиқ фойдаланувчи иштирок этди. Уларнинг 1,1 минг нафари юқорида номлари келтирилган ташкилотлар фаолиятидан розилигини билдирган бўлса, қолган 8 мингдан зиёд фойдаланувчи норозилигини баён қилди.
Айни дақиқаларда эса Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Энергетика вазири Алишер Султонов, вазир ўринбосарлари Шерзод Хўжаев, Беҳзод Норматов, “Ҳудуд газ таъминот” АЖ бошқарув раиси Баҳодир Эшмуродов, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этаётган QALAMPIR.UZ мухбири Умиджон Нозимжонов мутасаддиларга юзланиб, QALAMPIR.UZ Telegram каналида ўтказилган сўровнома натижаларини маълум қилди ва “Сизнингча, юқорида номлари келтирилган ташкилотлар халқни рози қила оляптими?”, деган савол билан вазир Алишер Султоновга юзланди.
“Мен ўйлайманки, 9 минг киши – бу аудитория ва уларнинг [фикрларини] ҳам инобатга олиш керак. Президентимиз бизга доим ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаси халқни рози қилиш эканини айтадилар.
Халқни рози қилиш жуда қийин, албатта. Ҳозир айтолмайман. Биз рози қилдикми, рози қилмадикми, вақт кўрсатади. Халқни рози қилишга, мен сизни ишонтириб айтаман, шу ерда ўтирган ҳар бир мутахассис ўзининг ҳаётини шунга бағишлаган, фақат халқни рози қилишга. Яна бир марта айтаман: албатта, ҳаммани рози қилиш жудаям қийин. Қайси давлатда бундай [натижа] борлигини мен билмайман. Қийин масала. Жудаям қийин масалани кўтардингиз.
Бир нарсани яна такрор айтаман: шу соҳада ишлаб турган ҳамма мутахассислар қаердадир нимадир узилиш бўлса, биз ҳам буни юрагимиздан қабул қиламиз. Ишонинглар шунга! Бефарқ бўлиб, томоша қилиб ўтирмаймиз. Шунинг учун ҳам бизда кечаю кундуз навбатчиликлар ташкил қилинган. Шу ерда ўтирган раҳбарларнинг ҳеч бири бу ердан чиққандан кейин ҳам уйига кетмайди. Ҳамма жойида [бўлади]. Чунки, бизнинг вазифамиз – халқни рози қилиш. Биз жойимизда бўлишимиз керак. Шу тизимни ишлатишимиз керак. Билмадим...”, дейди Алишер Султонов.
Журналист томонидан берилган саволга вазир ўринбосари Беҳзод Норматов ҳам жавоб қайтарди.
“Ҳозир ҳурматли вазиримиз айтиб ўтганларидек, ҳар биримизнинг вазифамиз – халқни рози қилиш. Халқни рози қилиб, қўлимиздан келган нарсаларни қилиб, ҳар битта “пост” бўладими, ҳар битта хабар чиқадими, “негатив” чақадиган бўлса, баҳоли қудрат унга “реакция” қилиб, жойига чиқиб ўрганиб, ўзимизнинг имкониятимиз бўлмай, бошқа жойда бўлиб қолсак, яна чиқса, ходимларимиз бор, ҳаммаси районма район, туманма туман ўтириб, халқнинг розилигини...
Биринчи навбатда бизнинг вазифамиз, вазирликда аҳолини рози қилиш. Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган жойларни электр энергияси, газ билан таъминлаб бериш, совуқ кунларда, айниқса, шундай пайтда билинади. Бу нарсаларни фақат оғир кунларда эмас, айтиб ўтдилар, вақти келганда кўринади, дедилар. Келажакда натижа берадиган ишларга ҳам кўп қўл урганмиз. “Реморма”лар устида иш олиб бориляпти. Бозорларни яхшилаш, энергетика бозорини яхшилаш бўйича иш олиб бориляпти, модеренизация қилиняпти. Модеренизацияларнинг натижасини тез орада кўришимиз мумкин. Ҳозирги қилган ишларимизнинг маҳсулини кўргандан кейин халқ баҳо беради, деб ўйлайман”, дейди вазир ўринбосари Беҳзод Норматов.
LiveБарчаси