Хаби Алонсо “Челси” бош мураббийи бўлишига тайёрлигини билдирди
Спорт
−
11 Май 707 1 дақиқа
“Реал Мадрид”нинг собиқ мураббийи Хаби Алонсо Лондоннинг “Челси” клуби вакиллари билан музокара олиб борди ва узоқ муддатли шартнома имзолаб, жамоа бош мураббийига айланишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда журналист Николо Скира маълум қилди.
Манбага кўра, музокаралар шу ҳафта давомида бўлиб ўтган. Шу билан бирга, “Челси” бошқа номзодларни ҳам кўриб чиқишда давом этмоқда. Аввалроқ, Скира клубнинг қисқа рўйхатидан Андони Ираола ва Марку Силва ҳам жой олганини хабар қилганди. Шунингдек, Сеск Фабрегас ҳамда Франческо Фариоли Лондон клубининг таклифини рад этган.
44 ёшли Алонсо жорий йилнинг январь ойида “Реал Мадрид” билан ҳамкорликни якунлаган эди. У мадридликлар сафидан кетишидан аввал, 2022 йил октябридан бошлаб “Байер Леверкузен” клубини бошқарган.
2023/24-йилги мавсумда Алонсо бошчилигидаги Леверкузен клуби ўз тарихида илк бор Бундеслига чемпионлигини қўлга киритди. Шунингдек, жамоа Германия кубоги ва Суперкубогида ҳам ғолиб чиқди. “Байер Леверкузен” UEFA Европа лигаси финалига қадар етиб борди, бироқ ҳал қилувчи баҳсда “Аталанта”га 3:0 ҳисобида имкониятни бой берди.
2024 йил май ойида Алонсо бошчилигидаги “Байер Леверкузен” клуби UEFA мусобақалари тарихидаги энг узоқ мағлубиятсиз серия рекордини ўрнатиб, кетма-кет 49 та ўйинда ютқазмади.
Live
Барчаси