Кемирувчилар ва тулкилар “Сардоба” тўғонининг емирилишига таъсир ўтказганми?
Жамият
−
06 Июнь 2020
17988Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти зоолог мутахассислари ёввойи кемирувчилар ва бошқа ҳайвонлар фаолиятини "Сардоба" сув омбори тўғони ҳолатига таъсирини аниқлаш мақсадида гидроиншоотга сафар уюштирди. Бу ҳақда академия расмий сайтида хабар берилди.
Иш жараёнида гуруҳ томонидан тўғон ёнбағрининг 7-бўлими, тўғоннинг юқори қисмидан эса 31-пикетдан 197-пикетгача текширувлар ўтказилди. Бу ҳудудларда очилиб қолган лой уюмлари ва чўкмалар кузатилди. Текширувлар муҳандис Э.Қаюмов иштирокида ўтказилди.
Тўғон ёнбағрининг 3-бўлимида оддий кўрсичқоннинг очилиб қолган ин йўллари топилди. Тўғоннинг юқори қисмида эса Тамариск қумсичқонининг инлари қайд этилди. Нишаблик бўлимлардан бирининг асосида тулки ини топилди.
Олинган маълумотлар шуни кўрсатадики, бу кемирувчилар ҳамда тулкилар кўп сонда эмас ва тўғоннинг яхлитлигига жиддий таъсир кўрсата олмайди.
Эслатиб ўтамиз, 1 май Ўзбекистон учун мудҳиш воқеа билан бошланди. Соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6-пикет девори ёрилди. Мингдан ортиқ аҳоли яшаш жойлари сув остида қолди, уларнинг аксарияти вайронага айланди, юзлаб қорамоллар қурбон бўлди.
Сув тошқини натижасида Қозоғистоннинг Ўзбекистонга чегарадош қисмидаги Туркистон вилояти Мақтаорол туманидаги коллекторлар (Сардоба, ВС-1, ВС-1.1, ВС 1.1.9, ВС-1.1.7, ВС-18, Жанубий, Д-3, Карой, Марказий) сув билан тўлган. Туркистон вилоятидаги 10 та қишлоқни кучли сув босди. 22 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди.
“Сардоба” сув омбори ҳудуди атрофида яшовчи қарийб 70 минг аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди ҳамда Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудида ташкил этилган махсус муассасаларга жойлаштирилди.
Ҳозирда "Сардоба" сув омбори тўғонининг ёрилиши бўйича жиноят иши очилган. Тергов ҳаракатларини олиб бориш Далват хавфсизлик хизматига топширилган. Фожиа бўйича тергов 4 та версияни ўрганиб чиқяпти.
LiveБарчаси