Катта давлатлар Хитойни ҳам Россияга қарши қайраяптими ёхуд G20 Россияга нафрат билан ўтяпти
Олам
−
15 Ноябрь 2022
14231Бугун, 15 ноябрь куни G20 (йирик иқтисодиётли 20 та давлат) етакчилари Индонезиянинг Бали оролида музокараларни бошлади. Унда мезбон Индонезия Украинадаги уруш юзасидан чуқур келишмовчиликларга қарамай, глобал иқтисодиётни тиклаш учун бирдамлик ва аниқ чора кўришни сўради.
Индонезия Президенти Жоко Видодо дунёнинг энг бой давлатлари етакчилари ёпиқ эшиклар ортидаги муҳокамаларни бошлашдан олдин сўзлаган нутқида “Бизнинг бошқа чорамиз йўқ, дунёни қутқариш учун ҳамкорлик зарур”, деган.
Индонезия етакчисининг фикрига кўра, катта йигирматалик дунёни қисимларга ажратмаслиги керак.
“Катта йигирматалик иқтисодиётни инклюзив тиклаш учун катализатор бўлиши керак. Биз дунёни қисмларга ажратмаслигимиз керак. Биз дунёнинг яна бир совуқ урушга тушишига йўл қўймаслигимиз зарур”, деган Жако Видодо.
Саммитда Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам нутқ сўзлади. У Балига бора олмади. Аммо катта давлатлар етакчилари билан видеоконференция орқали боғланган.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россияга нафас ростлаб, ўз кучларини тиклаб олишига йўл қўйиб бўлмайди.
“Биз Россияга нафас ростлаб, ўз кучларини тиклаб олишига қўйиб бера олмаймиз… Аминманки, Россиянинг уруши тўхтатилиши керак ва ўша вақт келди”, деган Украина етакчиси.
Бразилиядан тортиб Ҳиндистон, Саудия Арабистони ва Германиягача бўлган давлатларни ўз ичига олган G20 дунё ялпи ички маҳсулотининг 80 фоиздан ортиғини ишлаб чиқаради. Халқаро савдонинг 75 фоизи ушбу давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Дунё аҳолисининг 60 фоизи G20 давлатларида яшайди.
Саммит арафасида ижобий белгилардан бири АҚШ Президенти Жо Байден ва Хитой етакчиси Си Цзиньпин ўртасидаги уч соатлик икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Унда икки етакчи кўплаб келишмовчиликларга қарамай, тез-тез мулоқот қилишга ваъда берган. Байден Америка етакчисига айлангандан кейин биринчи марта Си билан юзма-юз кўришди.
Украина уруши ва инфляциянинг глобал ўсиши саммитга соя солмоқда. Россия февраль ойида Украинага уруш бошлаганидан бери G20 саммити дастлабки бор ўтказилмоқда.
Европа давлатлари саммитда Россия Президенти Владимир Путиннинг иштирок этишига қарши чиқди. Бироқ Индонезия раҳбарияти Путинни саммитга таклиф қилган.
Таклифга қарамай, Путин G20 музокараларида иштирок этмайдиган бўлди. Россия томони Балига Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни жўнатишга қарор қилди. Путиннинг Индонезияга келмаслиги бандлиги билан изоҳланди. Ғарб Оммавий ахборот воситалари эса юқоридаги вазиятни Путиннинг дипломатик таъсир кучи камаяётгани билан изоҳлади.
Саммит бошланиши орасида бир қатор нашрлар Россия Ташқи ишлар вазири Лавровнинг Индонезияда шифохонага тушиб қолгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Орадан бироз фурсат ўтгач, Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова ушбу хабарларни рад этувчи видеолавҳа эълон қилди.
Россияга қарши баёнотлар
Буюк Британиянинг янги Бош вазири Риши Сунак Путин режими ва унинг ҳаракатларига глобал қаршилик кўрсатишга чақирди. Шунингдек, Россиянинг Украинага босқини ортидан нарх-навонинг ошишига қарши биргаликда курашишга чорлаган.
АҚШ расмийларидан бирининг таъкидлашича, Байден Украинани ҳимоя қилаётгани учун кечирим сўрамайди. G20 саммити эса уруш одамларнинг яшаш тарзига ва иқтисодиётга қанчалик вайронкорлик олиб келаётганини кўрсатиб беради.
Байден ва Си Цзиньпин ўзаро учрашувда Россиянинг Украинада ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидига қарши эканликларини билдирган.
Хитой Ташқи ишлар вазирининг баёнот беришича, Си АҚШ Президентига ядро қуролидан фойдаланиб бўлмаслиги ва ядро урушининг оқибатлари ҳақида гапирган.
Си ва Путин сўнгги йилларда тобора яқинлашиб бормоқда. Россия Украинага бостириб киришидан бир неча кун олдин ҳамкорликни яна бир бор тасдиқлаган эди. Шунга қарамай, Хитой Ғарбнинг унга қарши санкцияларини қўзғатиши мумкин бўлган тўғридан-тўғри моддий ёрдам кўрсатишдан эҳтиёт бўлмоқда.
Ғарб давлатлари Россияни Украинага бостириб кириш ортидан ядровий маъсулятсиз баёнотлар беришда айблаб келади. Россия томони эса Ғарбни провокацион ядровий риторикада айблайди.
LiveБарчаси