Карантинда хонани шамоллатиш ҳам мумкин эмасми?
Жамият
−
29 Март 2020
18743Ўзбекистонда карантин вақтида барчадан уйда қолиши ва зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслик сўраляпти. Баъзи фуқароларда бу ойналарни ҳам ёпиб, хонани шамоллатишни ҳам тўхтатиб қўйиш керак деган фикр пайдо қилди. Бу тўғрими?
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков брифинг вақтида шу масалага аниқлик киритди.
“Вирус (йўталганда, аксирганда, гаплашганда) “нам” ҳаво заррачалари билан ҳавода бир муддат туриши мумкин, кейин у ўз оғирлиги билан ерга тушиб кетади. Вируснинг ўзи ҳавода муаллақ учиб юрмайди.
Кўп қаватли уйлар деразасини очиб қўйганига келсак, улар тўғри қилишган, юқорида айтганимиздек имкон қадар хона ҳавосини тез-тез янгилаб турсангиз, у ердаги вируслар миқдори (концентрацияси) камроқ бўлади”, дейди Нурмат Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтга келиб, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 133 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor