Тошкентда карантин вақти “эплаб кўчада юрган” 3 киши қамалди (видео)

Жамият

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида карантин вақтида бир неча фуқаронинг ниқобсиз юргани ва коронавирус эпидемияси қачон тугашини Амир Темур ҳайкалидан сўраётгани акс этган видео тарқалганди. Олий суд Матбуот хизмати видеодаги фуқароларга жазо тайинланганини маълум қилди.

Бугун, 7 апрель куни Юнусобод туман маъмурий судида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) ҳамда 183-моддаси (майда безорилик) да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳаракатлари бўйича К.Мажидова (1998 йилда Тошкент шаҳрида туғилган), У.Ҳамидов (1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) ва О.Разиков (1990 йилда Самарқанд вилоятида туғилган) га нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилди.

Аниқланишича, юқоридаги фуқаролар 2020 йил 1 апрель куни соат тахминан 18:00 ларда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Амир Темур кўчасидаги Амир Темур хиёбонида мамлакатда ўрнатилган карантин талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш қоидаларни бузишган. Шунингдек, хавфсизлик ниқобини тақмаган ҳолда Амир Темур ҳайкали меъморий ёдгорлиги олдида коронавирус эпидемияси Ўзбекистондан қачон кетиши ҳақида сўраб, Амир Темур шахсига ҳурматсизлик қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатларини видеотасвирга тушириб, олинган видеолавҳани 2020 йил 6 апрель куни Интернетдаги ижтимоий тармоқга жойлаштиришган.

Суд К. Мажидова, У. Ҳамидов ва О. Разиковнинг айби, улар берган кўрсатмаларидан ташқари билдирги, иш бўйича олинган тушунтириш хатлари, маъмурий баённомалар ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган деб ҳисоблади.

Юнусобод туман маъмурий судининг 7 апрелдаги қарорига кўра, К. Мажидова, У. Ҳамидов ва О. Разиков Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54, 183 моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) тартибида узил-кесил 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

карантин

Баҳолаганлар

686

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг