Карантин даврида боқувчисиз инсонлар ва қарияларга моддий ёрдам берилиши керак – Норбоева
Жамият
−
25 Март 2020
5503Кеча, 24 март куни Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат раиси Танзила Норбоева сенаторлар олдида турган муҳим вазифаларга ҳам тўхталди.
“Аввало, сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда коронавирус пандемиясини Ўзбекистонда тарқалишининг олдини олиш Республика комиссияси томонидан берилаётган тавсияларнинг сўзсиз ижросини таъминлашга масъул сифатида муносабатда бўлишимиз керак. Хусусан, карантин чоралари, гигиена қоидалари – ҳаммаси учун масъулмиз. Зеро, профилактика, огоҳлик – бугунги кун талаби эканлигига гувоҳ бўлиб турибмиз”, деди Норбоева.
Шундан сўнг, Сенат раиси сенаторлар ўз вазифасини аниқ белгилаб олиши ва маҳаллий ҳокимликларга ёрдам бериши, камбағалликка қарши курашни давом эттириши зарурлигини таъкидлаб ўтди.
“Иккинчи масала, Президентимиз томонидан қабул қилинган коронавирус билан боғлиқ Фармонда тезкор чоралар, бажарилиши шарт бўлган вазифалар белгиланган. Шу муносабат билан масофавий ишлаш режимида ҳам ҳар бир сенатор ўз вазифаларини аниқ белгилаб, Фармонда келтирилган чора-тадбирларнинг бажарилишида Ҳукумат аъзолари ва маҳаллий ҳокимликларга амалий ёрдам кўрсатишлари зарур.
Учинчи масала – юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан камбағалликни камайтириш чораларини кўриш ишларини олиб бориш топширилган эди. Бу жараён ҳам бевосита мана шундай – эпидемияга боғлиқ қалтис вазиятларда ўзининг аҳамияти билан муҳим. Шу сабабли одамларимизни камбағалликдан чиқариш ишларини сусайтирмасдан олиб боришимиз керак”, дея фикр билдирди Танзила Норбоева.
Сенат раиси ўқувчи ва талабалар учун йўлга қўйилган онлайн дарсларни касб-ҳунар ўргатиш учун ҳам жорйи қилиш кераклигини айтиб ўтди. Шунингдек, ёлғиз қолган аҳоли қатламига эътиборни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
“Ҳозирги кунда таълим муассасалари томонидан телевидение орқали ўқувчи ва талабалар учун масофавий ўқишлар, китоб мутолалари ташкил қилинди. Худди шундай тартибни касб-ҳунар ўргатиш бўйича ҳам ташкил этиш мумкин. Бундан ташқари, томорқадаги ишлар, банклардан кредит олиш тартиблари, бизнес-режа тузиш ва бошқа шу каби оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳасидаги меҳнат турлари бўйича онлайн ўқувлар ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўлади. Бу масалаларда ҳудудий ОАВ, ижтимоий тармоқлар имкониятидан фойдаланиш зарур.
Тўртинчи масала – ҳозирги кунда карантин қоидаларига биноан барча аҳоли ўз уйида. Эътиборингизни бир аҳоли қатламига қаратмоқчиман, яъни якка-ёлғиз, боқувчисиз инсонлар, айниқса, қарияларни ёддан чиқармаслик керак. Уларнинг орасида турли хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлаб, кундалик эҳтиёжлари учун ишлаб юрганлар бор. Ҳозир эса бу имкониятлари ҳам вақтинча тўхтатилган. Шу муносабат билан мана шу тоифадаги аҳоли қатламлари, кексаларимиз қаровсиз қолмаслигига, эҳтиёжманд инсонлар янада муҳтож бўлиб қолмаслигига аҳамият қаратмоғимиз зарур. Уларга озиқ-овқат, дори-дармон масалаларида ёрдам ташкил этилса, тўғри бўлар эди.
Бешинчи масала – сенаторлар ташаббуси билан коронавирусга қарши олиб борилаётган ишларга амалий кўмак бериш, кичкина бўлса-да, ҳисса қўшиш мақсадида “Меҳр – шавқат ва саломатлик” жамоат фондига мурожаат қилинди. Ушбу фондда иккиламчи банк ҳисоб рақами очилди ва сенаторлар ҳам ўз ҳиссасаларини қўшишди. Бу ташаббус бошқа идоралар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.
Олтиничи масала – тўй-маросимларнинг ўтказилишига йўл қўймаслик. Диний маросимларни эса диний идоралар тавсиясига асосан ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Шу ўринда, биз, сенаторлар бу ишларга халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликни таъминлаган ҳолда бор куч-ғайратимизни аямаслигимиз керак”, деди Сенат раиси.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар сони 50 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor