Карачидаги ёнғин қурбонлари 14 нафарга етди
Олам
−
19 Январь 1554 2 дақиқа
Покистонда қутқарувчилар Карачидаги савдо марказида содир бўлган ёнғиндан кейин бедарак йўқолган деб ҳисобланган одамларни қидиришда давом этмоқда. Ёнғин оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлган. Содир бўлган фожиа тафсилотлари бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда.
“Gul Plaza” савдо марказидаги кучли ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 14 кишига етди. Бу ҳақда полиция вакиллари маълум қилди. Тунги қутқарув ишлари давомида фавқулодда вазиятлар ходимлари ёниб кетган бинодан яна бешта жасадни олиб чиқди. 38 киши жароҳатланган. Турли маълумотларга кўра, 60 дан 70 нафаргача одам бедарак йўқолган. Уларни қидириш ишлари олиб борилмоқда.

“Gul Plaza” кўп қаватли савдо марказидаги ёнғин 17 январь куни кечқурун аланга олди ва 24 соатдан ортиқ давом этди. Бинода 1200 та дўкон жойлашган бўлиб, унинг майдони 8000 квадрат метрни ташкил этади.
Қутқарув хизмати маълумотига кўра, 17 январь куни маҳаллий вақт билан соат 22:38 да савдо марказининг биринчи қаватида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган. Ўт ўчирувчилар етиб келганида аланга юқори қаватларга етиб борган эди.
Шаҳар қутқарув хизмати бошлиғининг маълум қилишича, ёнғин бинода ёнувчан материаллар – атир, кийим-кечак, пластик буюмлар борлиги сабабли тезда тарқалган.

Покистон Президенти Асиф Али Зардарий ҳамдардлик билдириб, Карачи жойлашган Синд провинцияси ҳукуматига тижорат ва турар-жой биноларидаги хавфсизлик чораларини ҳар томонлама таҳлил қилишни топширди. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга дўконлардан биридаги электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлган. Ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган.
Карачида бир неча бор ёнғинлар содир бўлган, бунга хавфсизлик стандартларининг пастлиги ва ноқонуний қурилишлар сабаб қилиб кўрсатилган.
2023 йил ноябрь ойида шаҳардаги савдо марказларидан бирида содир бўлган ёнғин оқибатида 10 киши ҳалок бўлган, яна 22 киши жароҳатланган эди. 2012 йилда тикувчилик фабрикасида содир бўлган кенг кўламли ёнғин 260 кишининг ҳаётига зомин бўлган.
Live
БарчасиСомалида самолёт Ҳинд океани қирғоғига қўнди
10 Февраль
Хитойда гуманоид робот инсонга ҳужумга қилди
10 Февраль