Каннаваро терма жамоадан кетиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди
Спорт
−
17:58 970 2 дақиқа
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро терма жамоадан кетиш ниятида эканлиги ҳақидаги миш мишлар, Италия терма жамоасини бошқариш орзуси, ЎФА билан муносабатлари ва шартномаси борасидаги режалари ҳақида гапирди. Бу ҳақда у Россия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви олдидан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Ҳар бир италияликнинг орзуси – Италия терма жамоасида ишлаш. Бу фақат менинг орзуим эмас. Лекин мен ҳар куни эрталаб уйғонганимда, 24 соат давомида бор эътиборимни Ўзбекистон терма жамоасига қаратишни ўйлайман. Мен профессионал инсонман. Менимча, Италия терма жамоасини бошқариш ҳақида ўйлаш табиий, чунки умримнинг 20 йили Италия терма жамоасида ўтган. Аммо Ўзбекистонда ишлаётган эканман, бор фикру хаёлим шу ерда бўлади.
Мексика ва Шимолий Америка агентликлари билан ҳеч қандай шартнома йўқ. Буни шунчаки оммавий ахборот воситалари тарқатган бўлиши мумкин”, дейди Каннаваро.
Шунингдек, мураббий ЎФА билан муносабатлари яхши эканини ва Осиё кубоги олдидан шартнома масаласида келишувга эришиш бўйича гаплашиб олишларини таъкидлади.
“Ҳозир ЎФА билан муносабатларимиз яхши. Улар билан ўтириб, гаплашиб оламиз. Менинг шартномам 2027 йил октябрь ойида тугайди. Декабрь ойида эса Осиё кубоги бўлиб ўтади. Бу масала бўйича гаплашамиз, ҳеч қандай муаммо йўқ.
Позитив бўлиш керак. Бизда ажойиб футболчилар, кўплаб ёш ўйинчилар бор. Эртанги ўйинда об-ҳаво бироз совуқроқ, яхши инфратузилмамиз ҳам бор. Шу сабабли ҳаётга позитив қараш керак”, дейди мураббий.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви эртага, 12 ноябрь куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтади. Учрашув соат 20:00 да бошланади.
Мазкур баҳс натижаси FIFA рейтингида ҳам ҳисобга олинади. Айни пайтда Россия терма жамоаси рейтингда 35-ўринни, Ўзбекистон эса 59-ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Валерий Непомняший Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўртасида кечадиган бўлажак ўртоқлик учрашувида ўзбекистонликларни фаворит деб айтганди.
Live
Барчаси10:01