Канада Украинага $350 миллионлик ҳаво мудофааси ёрдамини беради

Олам

image

Канада Украинага Россия ракета ҳужумларидан ҳимояланиш учун 350 миллион Канада доллари миқдорида ҳаво мудофааси ракеталарини етказиб бериш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда кеча, 10 сентябрь куни Канада Бош вазири Марк Карни Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашувдан сўнг маълум қилди.

Карнининг айтишича, келишув Украинага ҳаво мудофааси учун зарур бўлган интерсепторларни етказиб беришни назарда тутади. Ушбу 350 миллион Канада долларилик ҳарбий техника пакети Украина аҳолиси, инфратузилмаси ва ҳаво ҳудудини ҳимоя қилишга ёрдам беради.

“Россия фуқаролик аҳолисига фарқсиз ҳужум қилаётган варварона ҳаво уруши кўламини ошираётган бир пайтда Украинанинг ҳаво мудофааси муҳим аҳамиятга эга”, деган Карни Калгарида журналистларга.

Канада Бош вазири қайси турдаги интерсепторлар етказиб берилиши ёки ёрдам қачон бошланиши ҳақида аниқ маълумот бермаган.

Маълум қилинишича, қурол-яроғ Украинага АҚШ дастури орқали етказиб берилади. Ушбу дастур учинчи давлатларга Украина учун Patriot ракеталари каби қуролларни тезкор равишда сотиб олиш ва етказиб бериш имконини беради.

“Бу пакет учун сизга раҳмат айтаман. Айниқса ҳозир бу биз учун жуда муҳим”, деган Зеленский.

Канада Украина Россия босқинини бошлаган 2022 йил февралдан буён Киевга жами 25,5 миллиард Канада долларидан ортиқ ёрдам ажратган. Унинг 8,5 миллиарди ҳарбий ёрдам ҳисобига тўғри келади.

Карни, шунингдек, Канада дронлар ишлаб чиқаришни кескин оширишни режалаштираётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат кейинги икки йил ичида йилига миллионлаб дрон ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлишни мақсад қилган ва уларнинг учдан бир қисми Украинага юборилади.

Зеленский эса Украина Россиянинг оммавий ҳужумларига қарши туриш учун дронлар ишлаб чиқаришни етарли даражага етказиш мақсадида кўпроқ технология ва молиявий маблағга муҳтожлигини айтган.

Канадада тахминан 1,3–1,4 миллион нафар украин келиб чиқишига эга аҳоли истиқомат қилади. Бу мамлакат дунёдаги энг йирик украин диаспораларидан бирига эга.

Кеча, 10 сентябрь куни имзоланган келишувлар доирасида Канада Украинада энергетика хавфсизлигини, айниқса қиш мавсумида таъминлаш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкига қарийб 435 миллион Канада доллари миқдорида янги кредит кафолатларини ҳам тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия ҳам ўз захирасидаги Америка ишлаб чиқарган Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун мўлжалланган PAC-2 зенит ракеталарининг бир қисмини Украинага етказиб бериши хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг