Германия ўз захирасидан Украинага Patriot ракеталарини беради
World
−
10:34 457 2 minutes
Германия ўз захирасидаги Америка ишлаб чиқарган Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун мўлжалланган PAC-2 зенит ракеталарининг бир қисмини Украинага етказиб беради. Бу ҳақда Германия Мудофаа вазири Борис Писториус Украинани қўллаб-қувватлаётган давлатлар мудофаа вазирларининг видеоконференциясида маълум қилди.
“Мен Бундесвер захирасидан Украинага зудлик билан зарур бўлган PAC-2 ракеталарини беришга қарор қилдим”, деган Писториус.
Унинг сўзларига кўра, Германия Украинага ҳаво-ҳаво ракеталари етказиб беришни ҳам кўпайтиради. Шунингдек, Киевга дронлар ва узоқ масофага мўлжалланган ўқ-дорилар етказиб бериш давом эттирилади.
Украина Мудофаа вазири Евгений Хмара ушбу йиғилишда Киев Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун қарийб мингта ракета етказиб бериш бўйича шартномалар тузаётганини маълум қилган. Бироқ ракеталарнинг аксарияти яқин йилларда етказилиши кутилмоқда. Шу сабабли Украина ҳамкор давлатлардан ўз захираларидаги ракеталарни беришни сўрамоқда.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи давлатлари Украинага Patriot тизимлари учун зарур бўлган муҳим компонентларни харид қилиш имконини берувчи истиснони маъқуллади. Еврoкомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг айтишича, бунинг учун Украинага 3,2 млрд евро миқдоридаги навбатдаги транш ажратилади.
“Кейинги 3,2 млрд евролик транш Украинага Россиянинг нишонга ажратилмаган ҳужумларидан ўз осмонини янада самарали ҳимоя қилиш имконини беради”, деган у.
Маълумот учун, PAC-2 – Patriot ҳаво мудофаа тизими учун мўлжалланган зенит ракетаси бўлиб, асосан самолётлар ва баллистик ракеталарни тутиб қолиш учун қўлланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия ва Франция Украинага ҳарбий ёрдамни кучайтиришини маълум қилган эди.
Live
All